Энг улуғ, энг азиз байрамимиз нишонланаётган кунларда беихтиёр Мустақиллик аталмиш бебаҳо неъматнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусидаги фикрлар хаёлингда айланади. У бизга ўзлигимизни қайтарди, миллатнинг топталган қадр-қимматини тиклади. Озод ва обод Ватан барпо этмоқ учун имконият берди. Қалбимизга қўр, дилимизга шукуҳ бахш этди. Иқтидорли фарзандларимизга юксак парвоз учун қанот берди. Кўнгил тўқлигини ва хотиржамликни берди. Ҳар қандай соғлом фикрловчи инсон бунга ҳар соҳада, ҳар қадамда мисолларга дуч келади ва эътироф этади.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтаётган байрам кунларида юзида табассум, тилида шукроналик барқ ураётган юртдошларим қаторида ҳис қиламан ўзимни. Узоққа бориб ўтирмай бир ижодкор сифатида назар солсам мустақиллик йилларида ўндан ортиқ китобларим, қиссаларим чоп этилди, асарларим асосида видеофильмлар ва йигирмадан ортиқ телеминиатюралар тасвирга олиниб, намойиш этилди. Инсон қадри улуғланаётган юртимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлдим, давлатимизнинг юксак мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирландим.
Яқиндагина Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида дам олиш билан бирга, уюшма поликлиникасида саломатлигимни шифокорлар кўригида ўтказиб, маслаҳатлар олиб қайтдим ва бу жараёнда ҳам инсон қадри азизлигини ҳис қилиб, ижодкорларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан мамнун бўлдим.
Кўп йиллар Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ёшларга билим ва таълим бердим. Жамоада олиб борилаётган ўқув, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишларда фаол иштирок этдим, илмий даража ва унвон соҳиби бўлдим. Республикамизнинг турли вилоятларида бўлганимда “Устоз”, деб қаршимдан чиқадиган шогирдларимни кўриб фахрланаман.
Қарийб ярим асрдан буён педагогик, илмий, ижодий ва ташкилотчилик фаолиятим ёшлар, шогирдларга билим бериш ва тарбиялаш, шу жараёнларни кузатиш, ўрганиш, ёзиш-чизиш билан боғлиқ. Улар билан мулоқотларда кўпинча бир гапни такрорлайман. Истиқлолга эришган йилларимиз мамлакатимиз аҳолиси йигирма миллион атрофида эди. Бугун деярли ўттиз олти миллион. Ер майдонимиз ўзгардими? Сув захираларимизчи? Йўқ. Энди салкам икки баравар ортган аҳолининг қорнини тўқ, устини бут қилиш учун қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини ва унинг сифатини ошириш талаб этилади. Бунга фақат ва фақат кенг кўламли ва чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш, унинг натижаларини амалиётга жорий этиш орқали эришилади. Бошқача айтганда, буюк бобокалонимиз Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмағай” деган пурмаъно ҳикматини тобора чуқурроқ англаб бормоқдамиз.
Шу боис ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида ёшларга илм чўққиларини эгаллашлари, ўзларининг ақл заковатлари, ижодий имкониятлари ва куч-қувватларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шароитларнинг янги уфқлари очилди. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган минглаб ёшларга бугун кўпчиликнинг ҳаваси келади.
Президент ва ижод мактаблари, ихтисослашган мактабларда таҳсил олаётган ёшлар турли танловларда эришган ютуқлари билан устозлари ва ота-оналарини хушнуд этяптилар, эртанги кунга ишонч билан қадам қўймоқда.
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланиб ўқишда, илмий-тадқиқот ишларида салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Чунки, давр фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш, инновацияларни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновацион ишланмалар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилмоқда.
Спортни ривожлантиришга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган кўплаб спортчи йигит-қизлар нуфузли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб давлатимиз байроғини юқори кўтарилишига эришмоқда. Улар орасидан етишиб чиқаётган олимпиада ва жаҳон чемпионлари мамлакатимиз довруғи ва шуҳратини дунё бўйлаб кенг ёймоқда. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишда ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Турли фан соҳалари бўйича ўтказилаётган халқаро олимпиадаларда ҳам ўсмирлар ва ёшлар муваффақиятларни қўлга киритяптилар, ўзбек ёшлари ўз билимлари билан ҳеч кимдан кам эмасликларини дунёга кўрсатмоқда.
Истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида ёшлар онгида, дунёқарашида, уларнинг мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларга муносабатларида туб ўзгаришлар юз берди. Уларнинг юриш-туриши ва маданиятида, интилувчанлиги ва фаоллигида ўз аксини топаётган бу ўзгаришлар мустақил юрт ворисларининг эртанги кунига ёрқин умид ва ишонч билан боқишига асос бўлади.
Шунинг учун таълим-тарбия жараёнидаги барча ишлар ёшларни пухта билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиш билан бирга юксак маънавият соҳиблари этиб тарбиялашга йўналтирилган. Чунки, маънавият инсонга аввало ўзлигини, ўзининг қадр-қимматини англашни ўргатади. У инсоннинг кўнглини ҳам, йўлини ҳам ёритишга қодир. Инсон маънавияти ўтда куймайдиган, сувда оқмайдиган бебаҳо бойликдир. Ёшларимизни ана шу бебаҳо бойлик соҳиби бўлганларидагина қадамлари қутлуғ ва ишончли бўлади.
Вазифамиз ёшлар қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғусини ривожлантириш, миллати ва халқи учун улкан бунёдкорлик ишларига сафарбарликни уйғота олишдир. Ана шундагина улар озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида бирлашадилар. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ёшлар бирлашса миллат бирлашади. Маънавий баркамол авлодларнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги эса истиқлол тўйини нишонлаётган давлатнинг, ҳеч кимдан кам бўлмаган халқнинг, ғурури тоғлардан баланд миллатнинг эртанги куни ва порлоқ келажагини кафолатлайди.
Ёшларимизда миллий қадриятларимиз ҳамда буюк аждодларимиз, улуғ алломаларимиз, фан, адабиёт ва санъат намояндалари томонидан яратилган хазинадан тўғри фойдаланиш, унинг бебаҳолигини англаш ва ҳис қилиш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш лозим. Чунки шу йўл билангина мустақил Ватанимиз эртанги куни ворисларида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтиришга, уларни маънавий баркамоллик сари етаклашга, интилиш ва изланишлар учун қанот бахш этишга эришамиз.
Ўзбек болажон халқ. Оналаримиз фарзандининг бешиги устида аллалари билан унинг шуурига эзгулик туйғуларини сингдиришга интилар экан миттигина болакайнинг паҳлавон бўлишини, юртини ҳимоя қилишини, бунёдкор инсон бўлиб етишишини тилайди, ёмон кўзлар ва ёмон сўзлардан асрашга интилади. Унга наслининг давомчиси деб қарайди. Тетапоя қадам ташлаганида, боғча ёки мактабга борганида яна кўнглида эзгу умидлар уйғонади. Соғлом ва баркамол ўсаётган боласини кўриб кўнгли тоғдек кўтарилади. Элнинг корига ярайдиган инсон бўлишини орзу қилади.
Бугун юртимизда болаларга, ёшларга яратилаётган шароитларни дунёнинг айрим бурчакларидаги тенгдошлари фақат орзу қилишлари мумкин. Кўча-кўйда ёки жамоат транспортида спорт сумкасини елкалаб олган ёки дутор, танбур ёки бошқа бир мусиқа асбобини кўтариб кетаётган болакайларга кўзимиз тушади. Ана шу мурғак дилларда спортга ёки санъатга иштиёқ куртак отганидан, эртанги кунга ва ўзининг келажагига ишонч уйғонганидан дарак бераётган қувноқ юз-кўзига боқиб дилингиздан беихтиёр “толеинг баланд бўлсин, мустақил юрт боласи” деган эзгу ўй ўтади.
Ҳабиб СИДДИҚ,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳиби
ЎзА