Тоғолди ҳудудида янги боғча ишга тушди
Юртимизда мактабгача таълим тизимига бўлган эътибор йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, 3-7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш, уларга сифатли таълим-тарбия бериш борасида кўплаб самарали ишлар қилинмоқда.
Буни жойларда замонавий андозаларга келтирилаётган ёки янгидан қуриб фойдаланишга топширилаётган давлат ва нодавлат, давлат- шерикчилик асосидаги оилавий таълим ташкилотлари сони ортиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Туман маҳалласи ҳудудида янгидан қуриб битказилган 31-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бундан ярим аср аввал иш бошлаган ва ҳозирга қадар ҳашар йўли билан мослаштириб қурилган бинода эллик нафарга яқин болажонга хизмат кўрсатиларди.

Бугунги кунга келиб, Янгиқўрғоннинг энг чекка ҳудудида жойлашган ушбу маскандаги аҳвол тубдан ўзгарди. Ташкилотнинг янги биноси давлат инвестиция дастури доирасида 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилди.

Янги боғчанинг очилиш маросимига кўплаб ота-оналар, маҳалланинг нуроний оқсоқоллари ва фаоллари таклиф этилди. Тадбирда қатнашган Янгиқўрғон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, нуронийлар рамзий калитни ташкилот раҳбари Хуснида Темировага топширди.

– Маҳалламиздаги 3-7 ёшли болалар сони қарийб 250 нафарга етган. Ушбу муҳташам кошонанинг ишга тушиши натижасида уларнинг барчаси шу боғчага қамраб олиниши қувонарли, – дейди маҳалла нуронийси Абдулло Қўзиев. – Биз бундан мамнунмиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири