Тоғли туман мактабларидаги шароитлар ўрганилди
Жиззах вилоятининг энг олис Янгиобод тумани Тожикистон Республикаси билан чегарадош тоғли ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 19 та умумтаълим мактаби мавжуд.
Халқ таълими вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан мазкур тумандаги баъзи мактабларда ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнлари билан танишилиб, шарт-шароитлар ўрганилди. Тумандаги 6-сонли умумтаълим мактаби 192 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, айни пайтда зиё масканида 120 нафардан ортиқ ёшларга таълим-тарбия берилмоқда.
Ушбу мактаб биноси ўтган 2021 йилда реконструкция қилиниб, барча шарт-шароитлар яратилган.
Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари 11-синф ўқувчилари фанларни қай даражада ўзлаштираётгани, орзу-истакларини билиш мақсадида улар билан суҳбатлашди.
Мактабнинг 2 фаол ўқувчиси – Рухшона Орифжонова ҳамда Файзибек Гулмуродовга ноутбук совға қилинди.
Мазкур мактаб ўқитувчилари томонидан таълим муассасасида компьютер синфини ташкил этиш таклифи илгари сурилган эди. Бу вазифани Янгиобод туман ҳокимлиги мутасаддилари ўз зиммасига олди.
Сўнг вазирлик вакиллари шу тумандаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, дарс ва тўгарак машғулотларида қатнашди. Мактаб кутубхонасидаги дарсликлар ҳолати кўздан кечирилди.
Келгусида аҳоли ўсиши инобатга олиниб, 12-сонли умумтаълим мактаби учун 2024 йилда қўшимча бино қуриш имкониятлари ўрганиб чиқиладиган бўлди.
Ҳар икки мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёрлик даражаси ўрганилиб, маҳаллий ҳокимлик ва туман халқ таълими бўлимига вазифалар юклатилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА