Тоғли қишлоқ аёлларининг оғири енгил бўлди
Қишнинг қировли кунларига ҳам оз қолди. Айниқса, тоғли ҳудудларда қиш мавсуми эрта бошланади. Кейинги кунларда совуқ оқимнинг кириб келиши, дастлабки огоҳлантириш дейиш мумкин. Туман марказларида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун ҳар ҳолда шарт-шароитлар бор. Аммо тоғли ҳудудлардачи?
Шу мақсадда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Кўксор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Жовуз қишлоғида бўлдик. Дастлаб қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи билан танишдик. Шу ерлик оқсоқолларнинг таъкидлашича, “жовуз” арабча сўз бўлиб, ёнғоқ деган маънони англатар экан. Бу гапда ҳам жон бордек. Боиси қишлоқдаги ҳар бир хонадонда камида 5-6 тупдан ёнғоқ бор. Айтиш жоизки, аҳолининг асосий даромади ҳам боғдорчилик ва деҳқончиликдан.
Масалан, шу қишлоқлик нафақадаги педагог Қурбонали ота Тошев ҳам томорқасида мўъжазгина боғ яратган. Боғда олма, нашвати, ёнғоқ, олхўри каби мевалар айни кунларда ғарқ пишган. Боғбоннинг энг севимли машғулотларидан бири набиралари билан боғ айланиш. Улар билан кўнгил ёзиш.
– Эрта тонгда боғни айланиб ёшаргандек бўламан, – дейди 70 ёшни қаршилаган Қурбонали ота. – Бундан ташқари очиқ ерларга деҳқончилик қиламиз. Картошка, ҳар-хил сабзавот ва полиз экинларини экамиз. Хуллас ун ва ёғдан бошқа ҳамма маҳсулотлар деярли ўзимиздан чиқади. Ортганини сотамиз. Шукр ҳаётимиз яхши. Ҳамма нарса етарли.
Қишлоқ ўзига хос табиатга эга, эртакнамо манзил. Бу ернинг одамлари ҳам Қурбонали ота сингари содда ва самимий, ҳаётнинг мазмунини меҳнатда деб биладиганлардан. Шу боисми, боғлари сархил меваларга тўла, замини халқ учун тўкин дастурхон. Ушбу қишлоққа ташриф буюрган киши, баҳаво табиатдан баҳра олиб, болдек ширин зилол сувдан қониб-қониб ичса, кетгиси келмай қолади. Аммо тоғда яшашнинг ўзига хос машаққатлари бор. Баҳор ва ёз фаслида Жовузда неча кун бўлса ҳам дам олишни истаган киши 6 ойлаб давом этадиган қиш қировли кунларда бир кун туришга ҳам қийналади. Шу боис жовузликлар қиш ғамини ёзда ейди. Боғ роғларни буташ ва шакл бериш орқали чиққан ўтинларни боғча-боғча қилиб ғамлайди. Кўмирни жамғаради.
[gallery-8758]
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда шарт-шароити бир мунча мураккаб бўлган тоғликлар учун айтиш мумкинки, турмуш тарзини енгиллаштириш асосий эътибордаги масала ҳисобланади. Масалан, биргина аёлларнинг кундалик овқат тайёрлашлари учун суюлтирилган газ баллонларининг етказиб берилиши ҳам улар учун катта енгиллик бермоқда.
– Қишлоғимизда айни пайтда 470 хўжалик, 2,5 минг нафарга яқин аҳоли яшайди, – дейди маҳалла раиси Салим Норимов. – Қиш мавсумини беталофот ўтказиш учун барча тайёргарликлар қилинмоқда. Илгари жуда қийналардик. Айниқса, қишда. Электр соатлаб ўчарди. Суюлтирилган газ баллонлари қишда йўл ёмонлиги сабаб тоққача чиқиб келолмасди. Ҳозир эса, электр деярли узилмайди. Мактаб ва боғчаларга, аҳолига босқичма-босқич кўмир тарқатяпмиз. Энг муҳими туман газ ташкилоти томонидан олинган махсус оғир техникалар ҳар қандай шароитда суюлтирилган газни ойма-ой етказиб турибди. Биз борган куни ҳам қишлоққа газ баллонлар ортилган махсус техника келиб қолди. Эндигина ўчоққа ўтин қалаб тушлик ҳозирлигини кўрмоқчи бўлиб турган Мунира Усмонова келинининг қишлоққа суюлтирилган газ баллони келгани хабаридан сўнг, оловни ўчириб қўя қолди. Ахир шундоққина битта гугурт чақиб ёнган зангори оловга нима етсин.
– Биз қишлоқ аёлларининг кўп вақти ошхонада ўтади, – дейди Мунира Усмонова. – Суюлтирилган газ баллонлари ишимизни анча енгиллаштирмоқда. Айниқса, қиш мавсумида. Бир чойнак чой қайнатиш учун ҳам қумғон қайнатиш керак. Ҳукуматимизнинг мана шундай чекка-чекка қишлоқларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга қаратаётган эътиборидан мамнунмиз.
“Китобтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолига суюлтирилган газ баллонларининг ўз вақтида етказиб берилиши натижасида бугун бу ерда яшовчиларнинг мушкули анча осонлашди, дейди қишлоқ фаоллари.
Маълумотларга кўра, мазкур қишлоқ жойлашган Кўҳсор маҳалласида айни дамда 1046 та истеъмолчи бўлиб, бўлим томонидан ҳар ойда график асосида суюлтирилган газ баллонлари доимий равишда етказиб берилмоқда. Жумладан, махсус транспортда олиб келинаётган газ баллонлари аҳолига уйма-уй тарқатилиб, биринчи навбатда бунинг ортидан тоғдаги дов-дарахтларнинг асоссиз кесилишининг ҳам олди олинмоқда. Албатта аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш йўлида олиб борилаётган бу каби ишлар олис ҳудудларда истиқомат қилиб келаётган инсонларни, хусусан аёлларнинг оғири енгил бўлишига ёрдам бермоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов ЎзА.