Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда кон-металлургия ва геология соҳалари стратегик аҳамиятга эга. Кейинги йилларда бу йўналишлар бўйича олиб борилган ишларнинг натижалари ва келгуси йилларга мўлжалланган режалар жамиятнинг барқарорлиги ҳамда аҳолининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган.
Сўнгги йилларда ушбу соҳаларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ва трансформация мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиш даражасини таъминлаш, ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш орқали янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли турмуш-тарзини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, ўтган 5 йил давомида металлургия корхоналарини трансформация қилиш туфайли сезиларли ютуқларга эришилди ва ишлаб чиқариш ҳажми 122,7 триллион сўмга етказилди.
Қимматбаҳо ва рангли металларни ишлаб чиқариш ҳажми бир неча бараварга, хусусан, олтин 1,3, кумуш 1,6 ва мис 1,4 баробарга ошганини таъкидлаш лозим. Эришилган бундай кўрсаткичлар эса бошқа тармоқлардаги корхоналар учун ишлаб чиқариш базасини кенгайтиришга ёрдам бераётир.
Биргина мисни қайта ишлаш ҳажмининг 1,7 бараварга оширилгани 2 мингдан зиёд турдаги кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, жорий йилда 650 миллион долларлик экспортнинг амалга оширилиши ва 1,3 мингта янги иш ўрнининг яратилишида муҳим омил бўлди.
Маҳаллийлаштириш дустури доирасида олиб борилган тизимли ишлар туфайли 60 дан зиёд кичик ва ўрта металлургия корхонаси билан шатакка олиш тизими орқали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Натижада жорий йилда металлургия корхоналари томонидан 364 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Инвестиция дастури бўйича натижалар янада эътиборли. Жумладан, саноатга 7,2 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинди. Мамлакат товарлари экспорти 1,2 баробарга ўсди. 2024 йилда бу кўрсаткич 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Бугунги кунда маҳсулотлар 30 дан зиёд давлатга экспорт қилинмоқда.
Ер қаъридан фойдаланиш соҳасида 11 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, соҳадаги 15 та қонунчилик ҳужжатлари, хусусан, 3 та қонун, 2 та Президент фармони ва қарори, 10 та Вазирлар Маҳкамаси қарори такомиллаштирилди.
Шу билан бирга, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида тизимли бошқарувни янада жадаллаштириш бўйича янги таҳрирдаги “Ер қаъри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунни ишлаб чиқишда Австралия, Канада, Туркия, Қозоғистон каби давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибаси ўрганилди.
Унда хорижий инвесторлар ҳамда давлат учун ўзаро манфаатли бўлган шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган. Ушбу қонун билан вазирликка соҳада ягона сиёсатни юритиш ва регуляторлик функцияси белгилаб берилди.
Кон-металлургия йўналишида 2024 йилда амалга оширилаётган умумий қиймати 18,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 34 таинвестиция лойиҳаси доирасида 3 миллиард доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 2 та йирик лойиҳа ишга туширилди.
Хусусан, Пистали конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш (6-ГМЗ) ҳамда Амударё-Зарафшон сув қувурининг 3-линиясини қуриш ва насос станцияларини реконструкция қилиш ишлари якунланди.
Шунингдек, 2024 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига мувофиқ, геология соҳаси бўйича умумий қиймати 4,6 миллиард доллар миқдорида 28 та лойиҳани татбиқ этиш кўзда тутилган. Унинг доирасида 570 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, режа 100 фоизга бажарилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан қайта алоқа тизими ташкил этилди. “Front-office” механизми орқали 400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига кўмак кўрсатилди. Шу билан бирга, “Call-марказ” 1356 қисқа рақам орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан келиб тушаётган саволларга ўз вақтида жавоб ва маслаҳатлар бериб борилмоқда.
2024 йилда мавжуд ер ости бойликларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида яна 300 та геологик объект “e-auksion” платформасига жойлаштирилди.
Жумладан, олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 20 та, стратегик турдаги фойдали қазилмаларга истиқболли бўлган ер қаъри участкалари 10 та ва норуда хомашёсига 270 та геологик объект аукцион савдолари орқали таклиф этилди.
Шунингдек, Олмалиқда маъданни қайта ишлайдиган 4-сон Мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берилган бўлса, айни кунларда 5-сон Мис бойитиш фабрикаси бўйича ишлар тизимли олиб борилмоқда.
Жорий йилда кўмир қазиб чиқариш 8 миллион тоннани ташкил этиб, сўнгги уч йилда 2 баробарга ошди. 2025 йилда 9 миллион тонна қазиб чиқариш режа қилинмоқда.
Вазирлик ва тизим ташкилотлари 2025 йилда янада улкан режаларни амалга оширишни кўзда тутмоқда. Масалан, 2025 йил июнь ойида “Ўзметкомбинат” АЖда Қуюв-прокатлаш мажмуаси фойдаланишга топширилади ҳамда мажмуа қувватларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 150 минг тоннага (2024 йилда – 785 минг т) етказилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда қора металлургия соҳасини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Жорий йилда Президентимиз ташаббуслари билан “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ташкил этилди. Комбинат томонидан 2025 йилда маҳсулот қиймати 597,4 миллиард сўмга етказилади. Бунда молибден 818,1 тонна, вольфрам концентрати 240 тонна миқдорда ишлаб чиқарилиши таъминланади.
Инвестициявий лойиҳалар доирасида 51,5 миллион доллар маблағлар ўзлаштирилади. 223,2 миллиард сўм миқдорида маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади, 44,2 миллиард сўм бюджетга тўловлар таъминланади ҳамда 375 та янги иш ўрни яратилади.
Бир сўз билан айтганда, тоғ-кон саноати ва геология соҳалари Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти учун муҳим ҳисобланади. Ушбу йўналишлардаги ислоҳотлар юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлайди.
Мазкур соҳалардаги барқарор ўсиш ва янги технологияларни жорий қилиш келгуси йилларда ҳам муваффақиятли давом эттирилиши кутилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар эса Ўзбекистоннинг ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш ва уларни келгуси авлодлар учун сақлаб қолишга хизмат қилади.
Урал ЮСУПОВ,
Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари.
ЎзА