Тизимда камчилик ва муаммолар ҳам бор...
Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан матбуот анжумани ўтказилди.
Шаҳар ва туман мактабгача таълим бўлими мудирлари иштирок этган тадбирда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб боғча тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Шахмат тахтаси” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда шахмат бўйича шаҳар ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган шахматчи ўғил-қизлар ғолиблик учун дона сурди. Сўнг вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланганидек, 2017 йилда халқ таълими тизимидан ажралиб чиққан мактабгача таълим вазирлиги тизимида қамров 16,4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 30 апрел ҳолатига келиб, 3-6 ёшли болажонларнинг 76,5 фоизи қамраб олинган. Бугунги кунда вилоятда 3-7 ёшгача бўлган болалар 120 минг нафардан ортиқ. Уларнинг 91 минг 763 нафари ёки бошқача айтганда 77 фоизидан ортиғи вилоятдаги барча турдаги мавжуд 1 минг 331 та МТТга қамраб олинган. Ушбу МТТнинг 219 таси давлат, 1 минг 112 таси оилавий, 13 таси хусусий ҳамда 70 таси давлат хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотларидир.
[gallery-7342]
– Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш ва вилоятдаги ҳар бир мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, тизимда фаолият юритаётган педагогларнинг хорижий тилларни ўрганишини ривожлантириш мақсадида Чет тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Жиззах вилояти ҳудудий вакиллиги билан меморандум имзоладик, – дейди вилоят МТБ бошлиғи Феруза Солиева. – Вилоятдаги давлат, давлат шерикчилиги ва нодавлат хусусий боғчаларда болажонларимизга хорижий тиллардан сабоқ бериш тўлалигича йўлга қўйилган.
Ютуқларимиз ўзимизники, уларни биздан ҳеч ким тортиб ололмайди. Аммо ҳали бартараф этишимиз лозим бўлган камчилик ва муаммоларимиз ҳам бор. Жумладан, баъзи оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига бир кунда 5-6 нафар тарбияланувчи келган, лекин уларнинг сонини сунъий равишда ошириб, 10-12 нафар қилиб кўрсатиш ҳолатлари ёки 2 киши ишлаши керак бўлган гуруҳда 1 киши меҳнат қилаётгани, яна бошқа ишчилар ишга келмасада ҳужжатда мавжудлиги каби нохуш ҳолатлар учраб турибди. Таълим сифатини ошириш, педагоглар томонидан йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф қилиш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси қошида “Методик кўмак” гуруҳи ташкил қилинган. Айни пайтда гуруҳ томонидан Жиззах шаҳри, Зарбдор, Зафаробод ва Шароф Рашидов туманларидаги мактабгача таълим ташкилотлари ўрганилиб, уларга бу борада амалий ёрдам кўрсатилди ва керакли тавсиялар берилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА