Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатимиздаги Конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик ходимлари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчи-профессорлари, юртимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар хусусида муҳокама олиб борди.
Халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаати, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотга мос янги Конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтиргани қайд этилди.
Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгариш рўй берди. Бу эса Бош Қомусимизда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини мустаҳкамлаш, ислоҳот жараёнида инсон манфаати бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, фуқаролик жамияти институтлари ўрнини Конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатяпти.
Анжуманда Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилгани қайд этилди. Натижада, юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этмоқда.

А.Саидов халқимиз томонидан берилган таклифлар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг комиссия аъзолари билан учрашувида “инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳада биринчи ўринда туриши керак” деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланганини таъкидлади.
Қонун лойиҳаси конституциямизнинг олтмишдан ортиқ моддаларига икки юздан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда. Конституцияга ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради, амалдаги конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни англатади.
Ушбу тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат экани белгилаб қўйилмоқда. “Инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” экани алоҳида тушунтирилмоқда.
Комиссия раиси киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало “Инсон қадри учун” деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилганига эътиборини қаратди.
25 июндан 5 июлга қадар давом этадиган умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади. Учинчи босқич сифатида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.

Бугунги кунда минглаб фуқаромиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчи, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман минтақамиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ўз таклифларини юборишда давом этмоқда.
Боиси, ҳар бир инсон ушбу ҳужжатни меники, менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммоларни ечимини унда кўриши муҳим.
Б.Худойбердиев, ЎзА