Мамлакатимизда миграция жараёнларини тўғри йўналтириш ва самарали бошқариш давлатимиз сиёсатида устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада аҳоли учун қулай ҳуқуқий ва ижтимоий шароитлар яратиш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни хорижда муносиб иш билан таъминлаш ҳамда қайтиб келган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда миграция жараёнларини тартибга солиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳолини қонуний миграция имкониятлари ҳақида хабардор қилиш натижасида мамлакатимизда ушбу соҳанинг замонавий тизими шакллантирилмоқда.
Хўш, мазкур йўналишда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда? Ушбу савол юзасидан вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурхонов ЎзА мухбирига интервью берди:
– “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”.
Худди шундай, турли сабабларга кўра хорижда бўлиб турган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш алоҳида эътиборда.
Ўзбекистон Президентининг “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлиги мутасадди идоралар билан биргаликда фуқароларимизнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун муносиб шарт-шароит ва имкониятларни кенгайтириш мақсадида халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.
Мазкур йўналишда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ватандошларни иш билан таъминлаш учун янги йўналишларни топиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда. Жумладан, иш берувчилар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан доимий равишда самарали музокаралар ўтказилмоқда, халқаро меҳнат бозори доимий таҳлил қилиняпти ва фуқароларимиз билан ўрнатилган алоқалар мунтазам кенгаймоқда.
Консуллик хизматлари доирасида ҳамюртларимизнинг зарур ҳужжатлари тезкорлик билан расмийлаштириляпти, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиняпти ва юзага келадиган муаммолар мезбон мамлакатнинг тегишли идоралари билан биргаликда имкон қадар тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Бу эса миграция жараёнининг янада хавфсиз ва тартибли бўлишини таъминлайди.
Шу ўринда, баъзи рақамларга тўхталамиз. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 60 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ташкил этади. Ушбу катта ишчи кучи мамлакат иқтисодиёти учун муҳим ресурс, шунингдек, халқаро меҳнат бозори учун ҳам улкан салоҳиятдир. Юқори демографик ўсишни ҳисобга олган ҳолда, меҳнат миграцияси дастурларини ривожлантириш аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Ўтган олти ойда салоҳиятли хорижий иш берувчилар, рекрутинг агентликлари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан 366 дан ортиқ музокаралар ўтказилиб, фуқароларимиз учун 97 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, мамлакатимизга 53 дан ортиқ хорижий компания вакиллари ташриф буюргани Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
Хорижий мамлакатларнинг ваколатли идора ва ташкилотлари билан 80 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди. Чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар билан 50 дан ортиқ давра суҳбатлари ўтказилди.
Меҳнат миграциясини ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида 22 та ҳукуматлараро битим лойиҳалари тайёрланди. Хусусан, Кувайт, Франция ҳамда Италия билан 3 та битим имзоланди ва улар тўлиқ кучга кирди. Шунингдек, 13 та битим хорижий томонлар билан келишиш учун юборилган.
Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик географияси кенгайиб бормоқда. Илгари Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлашнинг асосий йўналишлари Россия, Жанубий Корея ва Германия бўлган бўлса, ҳозирда улар қаторига Австрия, Буюк Британия, Кўрфаз араб давлатлари, Польша, Франция, Италия ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг истиқболли меҳнат бозорлари қўшилди.
Шу ўринда, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги ватандошларни хавфсиз ва қонуний ишга жойлаштириш учун қулай имкониятлар яратиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкам таъминлаб келмоқда. Аммо бу жараён икки томонлама, яъни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан бирга, ҳар бир ватандошнинг шахсий масъулияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Турли сабабларга кўра хорижда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз ҳам бор ва давлатимиз томонидан 30 июлдан 30 августга қадар “Ватанга қайтариш” инсонпарварлик акцияси ўтказилиб, унинг доирасида АҚШ, Россия, Туркия, Польша ва бошқа давлатлардан юзлаб фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилмоқда.
Дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлат эътиборидадир. Шундай экан, шу юртнинг фарзанди, фуқароси сифатида биз ҳам унутмайлик: хорижда бўлиб турган ҳар бир фуқаронинг хатти-ҳаракати бевосита юртимизнинг умумий қиёфасига таъсир қилади. Зеро, ҳар биримиз Ўзбекистоннинг бир вакилимиз ва шунга муносиб бўлайлик!
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.