Тинчликнинг бахтиёр ҳайқириғи
Автобусда кетар эканман олдинги ўриндиқда бир-бирига яқин ўтириб дилдан суҳбатлашаётган икки аёл диққатимни тортди. Илиқлик ва самимият уфуриб турган юзларида ора-сирада табассум жилва қиларди. Аёллар суҳбатга берилар экан, қўлларидаги гўдагининг хархашасига ҳам эътибор бермас эди. Шофёр амаки эса пастроқ оҳангда мусиқа тинглар, чеҳрасидан роҳатланаётгани сезилиб турарди.
Манзилга келгач, автобусдан тушдим ва бозор томон юрдим. Йўлакнинг икки ёни мева-чева билан тўлган, бироз кечиккан деҳқонлар ҳали уларни жойлаштиришга улгурмаёқ савдосини баракали ҳайқириқлар билан бошлаб юборишган эди. Новвойлар ёнидан ўтар эканман иссиқ тандир бағрида меҳр билан пишган нонлар иштаҳани очади. Бармоғимнинг икки бўғинидан узунроқ келадиган, есанг шираси томоқ қирадиган ҳусайни узумлар худди атайин сен учун узилгандай. Улкан бозор эса бутун халқ шунинг ичидагидек ҳар куни гавжум. Молини мақтаётганлар суриниб, талашиб, тортишиб, кулишиб, бақириб-чақириб опажон, холажон, тоғажон деб чорлаганча тиним билишмайди. Буларнинг бари қизиқ.
Бозордан иккита нон, бир кило узум олиб опамнинг ишхонасига бордим. Яқинда енгиллашади дедим, илиндим. Эрталабдан ишларимни битириб кеч бўлмасдан уйга қайтдим. Ҳар кунгидек кечликка шинамгина жой тайёрладим. Мусиқани баланд қўйиб уй ишларимнинг саранжомини олдим. Ҳовлимиз салқин, узум тагида чорпояга жой сола туриб буларнинг бари тинчликдан, деган ўй ўтди кўнглимдан.
Аямдан сўрадим:
- Ая, тинчликни нимада ҳис қиласиз?
Аям меҳр тўла ёниб турган кўзларини менга тикиб жавоб бердилар.
– Тинчликми? Тинчлик ҳақида ўйлайсану борлигидан, барқарорлигидан кўнглинг ёришади, – дедилар. – Тинчлик, яшаб турган юртингда осмонўпар бинолар, бойвачча маҳаллаларнинг кўплиги, исталган имкониятлар эшиги очиқлиги эмас.
Аямнинг жавобидан ўйланиб қолдим. Тинчлиги бўлмаган юртда ҳали эсини танимаган болалар ҳатто болаларча эркалик билан овоз чиқариб йиғлай олишмайди. Бунинг қанчалик катта фожиа эканлигини боши узра ўқлар визиллаб турганлар билади.
Англадим. Автобусда сўзамоллик қилган аёлларнинг чеҳрасидаги хотиржамлик, ниманидир истаб хархаша қилган болакайларнинг эркинлиги, севимли мусиқасини тўлғониб эшитганда, олинган шофёр амакининг роҳати, ҳеч нарсанинг ташвишини чекмай, баракали ҳайқириғи билан савдосини бошлаган деҳқоннинг чеҳрасидаги ёруғлик, қондошлик меҳри билан опамга илинганим иссиқ нон ва ялтираб турган ҳусайни узумга назар ташлаб шодланганим. Бир дам енгил тин олиб шукр қилиш. Буларнинг барчасида тинчлик қўшиғининг оҳанглари бордек. Тинчлик ҳатто шовқинлар ичида ҳам бахтни ва сокинликни топиш мумкин, демакдир.
Сизни билмадиму менинг омонлигим, бахтим, қўрқмасдан олган нафасим – тинчликдир. Ҳар куни кечки пайт ҳовлимизни салқинлатиб жой ташлашим ва ота-онам, ака-укам, синглим, жиянларим билан хотиржам гурунглашишимиз, қишлоқдошларимиз ҳовлилари томондан эшитилаётган жарангли кулгулар, қувноқ мусиқалар товуши, бўлиб ўтаётган тўй шодиёналари, эрта-индин мактаб бошланишидан юракчалари гупирлаб ураётган қўшни болажонларнинг хурсандчилиги – ТИНЧЛИКдир. Ана шу бебаҳо бойликни асраш, уни келажакка безавол етишига ҳиссадор бўлиш вазифамиздир.
Тинч ва осуда осмон остида мустақиллик шодиёналарини ўтказаётган юртдошларим нақадар бахтли эканлигимизни ҳис қиласизми? Ишонаман ҳис қиласиз.
Латифа Мейлиева
Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қорабоғ қишлоғи