Тинчликдан тараққиётгача: дунё БМТдан қандай ечим кутмоқда?
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси очилиши кутилмоқда. Шунингдек, 28 сентябрда давлат ва ҳукумат раҳбарларини бир жойда жамлайдиган юқори даражадаги умумий муҳокамалар бўлиб ўтади.
БМТ расмий платформасида сессия олдида турган асосий вазифа глобал ҳамкорликни қайта жонлантириш, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга янги суръат бериш ҳамда тинчлик, инсон қадри ва тенглик йўлида жамоавий ҳаракатларни кучайтириш сифатида белгиланган.
Демак, асосий масала фақат дунёдаги муаммолар рўйхатини яна бир бор санаб ўтиш эмас. Муҳими – бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб кетган таҳдидларга умумий сиёсий жавоб топишдир.
Тинчлик энди фақат урушни тўхтатиш билан ўлчанмайди
Бугунги халқаро вазият БМТ олдига аввало, тинчлик ва хавфсизлик масаласини янгича қўймоқда, чунки замонавий можароларнинг оқибати фақат фронт чизиғи билан чекланиб қолмаяпти. Улар миграция оқимлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика бозори, савдо йўллари ва ҳатто иқлим муаммоларигача таъсир кўрсатмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2026 йил учун устувор вазифаларни белгилар экан, муҳим бир ҳақиқатга эътибор қаратди: барқарор тинчлик зиддиятнинг ташқи кўринишини бартараф этиш билангина таъминланмайди, унинг илдиз сабабларига ҳам таъсир кўрсатиш зарур.
Шу маънода, камбағаллик, тенгсизлик, заиф давлат институтлари ва тараққиёт имкониятларининг чеклангани хавфсизлик муаммосидан алоҳида эмас, балки унинг таркибий қисми сифатида қаралмоқда.
Бу ёндашув 81-сессиянинг сиёсий мантиғини ҳам белгилайди. Тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини бир-биридан ажратиб ҳал қилиш мумкин эмаслиги тобора яққол англашилмоқда. Шу боис, БМТ учун бугунги энг катта чақириқлардан бири — низоларга муносабат билдириш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтиришдир. Бу эса дипломатия, халқаро ҳуқуқ ва профилактик ҳамкорликнинг аҳамиятини янада оширади.
81-сессия кун тартибидаги иккинчи йирик масала – Барқарор ривожланиш мақсадлари. БМТнинг жорий йилги ҳисоботига кўра, сўнгги ўн йилда тоза ичимлик суви, электр энергияси, тиббий хизматлар ва рақамли технологияларга кириш имкониятларини кенгайтириш борасида миллиардлаб инсонлар ҳаётига таъсир қилган ижобий натижаларга эришилди. Аммо умумий манзара бир текис эмас: низолар, иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви, қарз юки ва ривожланиш учун ташқи молиялаштиришнинг қисқариши кўплаб мамлакатларнинг имкониятларини чекламоқда.
Мавжуд тенденциялардан келиб чиқилса, Барқарор ривожланиш мақсадларининг катта қисми белгиланган муддатгача тўлиқ амалга ошмаслиги хавфи сақланиб қолмоқда. БМТ Бош котиби келтирган маълумотларга кўра, мақсадлар қабул қилинганидан ўн йил ўтгач, уларнинг учдан икки қисми бўйича суръат етарли даражада эмас. Ривожланаётган мамлакатларнинг 2030 йилгача ушбу вазифаларни бажариши учун зарур ресурслар бўйича йиллик молиявий тақчиллик эса 4 триллион доллардан ошмоқда.
Бу рақамлар муҳим бир саволни ўртага чиқаради: дунё 2030 йил учун қабул қилинган мақсадларни қайта тасдиқлаш билан кифояланадими ёки уларни амалга ошириш механизмларини ҳам тубдан кучайтирадими?
81-сессия айнан шу нуқтада янги сиёсий туртки бериши кутилмоқда. БМТнинг ўзи ҳам кейинги тўрт йил ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда. Гап энди умумий мажбуриятлар ҳақида эмас, самараси исботланган ечимларни кенг кўламда жорий этиш, инвестицияларни кўпайтириш, технология ва билимларга тенгроқ кириш имконини яратиш ҳақида бормоқда.
Иқлим масаласи алоҳида йўналиш эмас, барча муаммолар кесишган нуқта
Янги сессиянинг юқори даражадаги тадбирлари орасида иқлим бўйича ҳаракат мавзуси ҳам бор. Иқлим ўзгариши халқаро кун тартибининг чеккасидаги экологик мавзу эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт билан бевосита боғлиқ масалага айланганини кўрсатади, чунки иқлим ўзгаришининг таъсири давлатларни бир хил даражада қамраб олмайди. Айрим мамлакатлар технологик ва молиявий имкониятлари туфайли мослашиш чораларини кўришга қодир бўлса, бошқалар табиий офатлар, сув танқислиги ва қишлоқ хўжалигига етказилаётган зарар олдида анча заиф ҳолатда қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “адолатли ўтиш” тушунчаси 81-сессия учун муҳим сиёсий мазмун касб этади, яъни “яшил” иқтисодиётга ўтиш фақат карбон чиқиндиларини қисқартириш эмас, балки бу жараённинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини ҳам ҳисобга олишни англатади.
Асосий масала - ҳамкорликни сақлаб қолиш
Бугунги дунёда БМТнинг аҳамияти ҳақида баҳслар кўпайгани табиий. Халқаро ташкилотлар самарадорлигига нисбатан саволлар, геосиёсий рақобат ва йирик давлатлар ўртасидаги зиддиятлар мултилатерализмнинг ўзига босим ўтказмоқда, бироқ парадокс шундаки, глобал ҳамкорликка эҳтиёж айнан уни таъминлаш энг қийин бўлиб турган даврда кучаймоқда.
Пандемиялар миллий чегараларда тўхтамайди. Иқлим ўзгариши паспорт сўрамайди. Ядровий хавф ёки кибертаҳдидлар бир давлатнинг имкониятлари билан ҳал этиладиган муаммолар эмас. Шу маънода, БМТ 81-сессияси халқаро тизимнинг навбатдаги йиғинларидан бири бўлиш билан чекланмайди. У умумий қоидалар асосида ҳаракат қилиш ғояси ҳали ҳам ҳаётий зарурат эканини намоён этиши керак.
Сессия олдидаги вазифа шунинг учун ҳам мураккаб: турли миллий манфаатларни инкор этмаган ҳолда умумий манфаат майдонини кенгайтириш. БМТнинг 81-сессияси ана шу саволга жавоб излайди: ўзаро ишонч камайиб, рақобат кучайиб бораётган дунёда давлатлар ҳамкорлик қилиш қобилиятини сақлаб қола оладими?
Дунё кундан-кунга ўзгаряпти. Иқтисодий марказлар силжиган, янги куч марказлари пайдо бўлмоқда, технологиялар давлатлар қудрати ва халқаро муносабатлар табиатини ўзгартирмоқда. Шу шароитда глобал қарорлар қабул қилиш тизимида ривожланаётган мамлакатлар овозини кучайтириш, халқаро молия институтларини замон талабларига мослаштириш ва БМТ механизмлари самарадорлигини ошириш масаласи тобора долзарблашмоқда.
Глобал мажбуриятларнинг амалга ошиши кўп жиҳатдан битта омилга — молиявий имкониятларга боғлиқ. Ривожланаётган давлатлар ташқи қарз юки ва инвестиция тақчиллиги шароитида тараққиёт вазифаларини бажаришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун халқаро молия архитектурасини янгилаш масаласи тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу ерда гап фақат кўпроқ маблағ ажратиш ҳақида эмас. Мавжуд молиявий тизимнинг қай даражада адолатли ва замонавий воқеликларга мос экани ҳақида бормоқда, чунки катта мақсадларни қабул қилиш мумкин, аммо уларни амалга ошириш учун имконият яратилмаса, энг яхши декларация ҳам натижа бермайди.
Бош Ассамблеянинг юқори даражадаги муҳокамаларида дунё лидерлари муҳим ташаббуслар билан чиқиши, кескин муаммоларга муносабат билдириши табиий. Сессиянинг ҳақиқий аҳамияти Нью-Йоркдаги нутқлар билан эмас, улардан кейинги ҳаракатлар билан ўлчанади.
Экспертлар фикрича, БМТнинг келажакдаги нуфузи қабул қилинадиган ҳужжатлар сони билан эмас, давлатларни амалда бир мақсад атрофида бирлаштира олиш қобилияти билан белгиланади. Зеро, бугунги дунё олдидаги энг мураккаб масала муаммоларни аниқлаш эмас. Уларни ҳал қилиш учун келишувга эришишдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА