“Тинчлик” обод масканга айланди
Тинчлик маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастурлари мезонлари доирасида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Кўчалар тоза ва озода ҳолга келтирилди. Эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. 4 та трансформатор таъмирланиб, 160 та тунги ёритиш устуни ўрнатилди. 4,5 км ички йўллар мукаммал таъмирланди, 2,5 км ариқ ва 6,5 км зовурлар тозаланди. Мавжуд спорт майдончаси, умумтаълим мактаби, оилавий шифокорлик пункти, маҳалла идораси бино ва иншоотлари қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди.
Куни кеча Сирдарё вилояти Боёвут туманининг “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам ташла” спорт соғломлаштириш тадбири ўтказилди. Унда аҳоли вакиллари, туман, вилоят ҳокимлиги, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари фаол иштирок этди. Спорт- соғломлаштириш тадбири “Тинчлик” маҳалласидаги Носир Маҳмудов номли оилавий шифокорлик пунктида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги тиббий кўрик жараёнларига уланиб кетди.
[gallery-13314]
Ўтказилган тиббий кўрикда 450 нафарга яқин аҳоли вакиллари қатнашган бўлса, улардан бир нафарига республика миқёсидаги, 6 нафарига вилоят даражасидаги, 34 нафарига туман даражасидаги даволаш профилактика муассасаларига йўлланма ва тавсия берилиб, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан дори-дармонлар бепул тақдим этилди.
–Ҳукуматимиздан миннатдормиз – дейди “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дониёр Хўжанов. – Давлатимиз томонидан маҳалламизда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамқишлоқларимизнинг кўнглини тоғдек кўтарди, ҳукуматимизга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширди.
Бундай хайрли ишлар Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги байрами олдидан юртимиз бўйлаб кенг қулоч очмоқда.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев,(сурат), ЎзА мухбирлари