Тилсиз ёвга қарши кураш
Юзлаб кишилар тутун ичида қолган, ўнлаб одамлар жароҳатланган, ваҳимада қолганлар қанча. Олов шундай. Уни бежизга тилсиз ёв, дейишмайди. Ҳеч нарсани аямай ёпирилиб, қуршовига олганини кул қилади. Унга фақат доимий огоҳ бўлиб, қуролланиб, тезкорлик, шижоат ва матонат кўрсатибгина бас келиш мумкин.
Қарши халқаро аэропортида парвозларни қидирув ва авария-қутқарув таъминоти бўйича ўтказилган комплекс ўқув машқлари ишчи-ходимлар, ҳамкор ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларга қай даражада шайлигини кўрсатиб берди.

Унда аэропортдаги тегишли хизмат ва бўлинмалар ходимлари ҳамда Қарши шаҳридаги ягона авиация қидирув ва қутқарув хизматига кирувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Махсус-тактик ўқув машқи давомида шартли равишда ёнғин келиб чиққанидан кейин ёнғинни ўчириш, йўловчилар ва экипаж аъзоларини эвакуация қилиш ҳамда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Шунингдек, машғулот давомида ёнғин натижасида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда тадбирларни мувофиқлаштириш, фавқулодда вазиятларда жабрланганларни саралаш ва рўйхатга олиш тадбирларини ташкиллаштириш вазифалари бажарилди.

– Албатта ёнғин билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларни олдини олишга доимо тайёр туришимиз керак, – дейди Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлиги вакили Аваз Ниёзов. – Белгиланган асбоб-ускуналар ва техникалар белгиланган талаблар асосида бўлиши керак. Шу маънода бугунги ўқув-тактик машғулот тайёргарлигимизни яна бир бор синовдан ўтказишда муҳим аҳамият касб этди. Ҳаммаси қониқарли ўтди. Барча ишчи ходимлар жанговар шай ҳолатда.
Ўлмас Баротов, ЎзА.