Тиланчилик ўсмирлар учун касбга айланмаяптими? Назорат қаерда?
Яқинда "Корзинка" савдо мажмуасидан чиқаётганимда бир ўсмир бола ёнимга келиб, пул сўради. Шошаётганим учун унга ишлашни, меҳнат қилиб пул топишни тавсия қилдим. Жавоби эса ўйлантириб қўйди: “А, МЕН НИМА ҚИЛЯПМАН, ҲОЗИР?!”
Бошимга биров гурзи билан ургандек ҳалиги болага ҳайратланиб, нима мақсадда келганим ёдимдан кўтарилди. «ИШЛАЯПМАН-КУ!» демоқчи бўляпти-да бола, тўғри тушундимми?
Мазкур ҳолатни Мирзо Улуғбек туманидаги Гулсанам кўчасида жойлашган “Корзинка” савдо мажмуаси атрофида тез-тез кузатаман…
Бола қўлидаги салфеткаларни сотишни назарда тутдими ёки тиланчиликни иш деб биладими, дея тўхтаб, бир неча сония унга назар солдим, қўлида сотиш учун салфетка ҳам йўқ. Бола тиланчилик қилаётганди.
Бу ҳолат бир қатор саволларни юзага чиқаради.
Нега айрим ўсмирлар одамлар гавжум жойларда харидорларга ёпишиб, салфеткаларни белгиланган нархидан анча қимматга сотишга уринади ёки тўғридан-тўғри пул сўраяпти?
Уларнинг ота-оналари қаерда?
Болаларнинг таълими, тарбияси ва хавфсизлиги учун масъул ташкилотлар бундан хабардорми?
Қонунчиликда болаларни тиланчиликка жалб қилганлик учун маъмурий, айрим ҳолларда эса жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Хусусан, бундай қилмиш учун аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна такрор содир этилса, Жиноят кодексининг 127 прим 1 моддаси бўйича жиноий жавобгарлик масаласи юзага келиши мумкин.
Шунингдек, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги қонун болаларни иқтисодий эксплуатациядан ҳимоя қилиш масаласини ҳам долзарб қилади. Болани кўчада тиланчилик қилишга мажбурлаш ёки унинг меҳнатидан суиистеъмол қилиш бола ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳисобланади.
Бироқ, гап тиланчилик қилаётган болаларни жазолаш ҳақида эмас. Асосий масала — уларнинг кўчада нима сабабдан юрганини аниқлаш, таълим олиши керак бўлган ёшда нега пул сўраётганига эътибор қаратиш, иқтисодий эксплуатациянинг олдини олиш ва ижтимоий мослашувига кўмаклашишдир.
Бунинг учун маҳалла, ижтимоий ҳимоя органлари, ички ишлар идоралари ва бошқа масъул ташкилотлар ҳамкорлик занжири асосида ишлаши керак. Бола муаммоси кўзга ташлангандан кейингина эмас, у муаммога дуч келишидан олдин ҳам назорат ва эътиборда бўлиши лозим
Афсуски, кўп ҳолатларда муаммолар ОАВ кўтарганидан кейингина эътибор қаратилади.
Мисол учун, бугун биз кўтараётган муаммо бўйича нега масъул ташкилотлар ўз вақтида аниқлаш учун мунтазам кузатув ва ҳамкорлик тизимини йўлга қўймаган?
“Корзинка” ва бошқа йирик савдо мажмуалари, бозорлар ҳамда одам гавжум ҳудудларда вазиятни ўрганиш, болалар билан ишлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли назорат қачон олиб борилади?
Зеро, боланинг кўчада пул сўраши шунчаки бир марталик манзара эмас, балки ортида оилавий, ижтимоий ёки тарбиявий муаммо турганидан дарак бериши ҳам мумкин.
Болалар муаммосини фақат танқиддан кейин эмас, муаммо юзага келишидан олдин кўра оладиган тизим қачон ишлайди?
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА