Тил ва қадриятлар муштараклиги асоси
Хитойдан то Хуросонгача бўлган ҳудудни сўзи-черики (қўшини) билан эгаллаган ҳазрати Алишер Навоий бутун умри давомида тили, дини, қарашлари, урф-одату анъаналари бир бўлган туркий қавмларини бир маёқ остида бирлаштириш, савдо ва деҳқончилик, миллий ҳунармандчилик ва чорвачиликни ривожлантириш асносида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган.
Шу баробарида Навоий азалдан қавми-қариндоши яшаган туркий халқларнинг маънавий олами, миллий ғурур ва қадриятларини тиклашга, илм-фани, санъати, маданияти ҳамда осори атиқаларини сақлашга интилган.
Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия ва Туркманистон раҳбарларини жамлаган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида улуғ мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ҳақидаги қарорнинг қабул қилиниши буюк сўз санъаткорининг ўлмас ижодига берилган буюк баҳодир.
Истанбул яқинидаги Демократия ва эркинлик оролида ўтган Туркий кенгаш тўрт жиҳати билан дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.
Аввало Шавкат Мирзиёев ўртага ташлаган ташаббус ва таклифлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда муҳим позицияга эга экани, геосиёсий миллий манфаатлар ўзаро уйғунликда олиб борилаётганини яққол кўрсата олди.
Иккинчи жиҳат – турли таҳдид ва хавф-хатарлар, пандемия қийинчиликлари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлимнинг кескин ўзгариши ва экология муаммолари авж олган вазиятда Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатларнинг ўзаро жипслигини оширишдаги саъй-ҳаракати сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада такомил топишига хизмат қилади.
Учинчидан Президентимиз ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо тўсиқларини бартараф этиш, электрон тижоратни жорий этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга кўмаклашувчи Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот Марказини ташкил этиш таклифини берди. Бугунги кунда дунё бўйича атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, кескин ўзгараётган иқлим шароитида углерод нейтраллигига эришиш “яшил” иқтисодга ўтиш ниҳоятда долзарб масалалардан бири.
Тўртинчи муҳим жиҳат – Давлатимиз раҳбари экологик фожеаларни салбий оқибатларини юмшатиш, уларнинг тарқалишини тўхтатиш мақсадида БМТ билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш ташаббусини илгари сурди.
Саммит йиғилишида “Туркий дунё туризми”, “Табаррук зиёрат” сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмаси ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш, қайта рестоврация қилишни ўзида жамлаган “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш, туркий халқлар буюк алломаларнинг нодир қўлёзмаларини таржима қилиш, ягона электрон базасини яратиш, шу йўналишда рақамли технологияларни жорий этиш масаласида давлатимиз ташаббуслари қатнашаётган давлат вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Айниқса, 2022 йилни Туркий дунёда “ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш таклифи ёш авлодни креатив фикрлашга қаратилган тизимли ишлар Ўзбекистонда босқичма-босқич амалга оширилаётганининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади. Мухтасар айтганда, дунё ҳамжамияти туркий давлатлар ҳамкорлигига алоҳида қизиқиш билан ёндашиб, Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорлик ва манфаатли муносабатлар борасидаги фикр-мулоҳазаларини атрофлича таҳлил қилишга ҳаракат қилаётир. Саммит туркий халқларнинг қадриятлари уйғунлашган, миллий манфаатлари ҳисобга олинадиган, устувор вазифалар ижроси доирасида оғишмай ҳаракатланадиган мезон бўлиб тарихда муҳрланади.
Нодир Ғаффоров,
Азиз Тиллаходжаев,
Ўзбекистон давлат жисмоний
тарбия ва спорт университети
доцентлари