Тил ва адабиёт таълими фидойиси
Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматида олам-олам маъно бор. Ҳар бир миллат ўзлигининг рамзи тилидир. Тил яшаса, миллат ҳам барҳаёт бўлади.
Бугунги кунда ўзбек тилини нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, уни ўқитиш тизими янада такомиллашиб, бу борада янги тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда тил ва адабиёт таълими ўзининг шонли тарихига эга. Ўзбек филологияси назарияси ва унинг ўқитилишига катта хизмат кўрсатган олимлардан бири филология фанлари доктори, профессор Иномжон Расуловдир.
Иномжон Расулов 1925 йилнинг 9 май куни Қўқон шаҳрида туғилди. 1942-1946 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида сиртдан билим олишни тугаллагач, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга кирди ва 1951 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Иномжон Расуловнинг илмий-педагогик фаолияти Қўқон педагогик институти билан боғлиқ. У бу институтда ўқитувчи, доцент, профессор лавозимларида, кафедра мудири, проректор ва ректор вазифаларини бажарди. Қўқон педагогика институтига 17 йил давомида ректорлик қилди ва жуда катта ташкилий, ўқув, илмий-педагогик, тарбиявий ишларни амалга оширди.
И.Расулов ўз илмий фаолиятида ўзбек тилининг лексикология, грамматика, орфография ва пунктуация масалалари билан қизиқди. У 1951 йилда ўзбек тилининг уруш даври (1941-1945) лексикасига оид диссертацияни ҳимоя қилди. Унда луғат бойлигининг ошиш йўллари, сўзларнинг номинтив, семантик-структур, стилистик хусусиятларига оид назарий фикрларни илгари сурди. И. Расулов 1975 йилда ўзбек тилининг бир бош бўлакли гапларига бағишланган докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Унда бир бош бўлакли гапларнинг тасниф асослари, ички таснифи, ҳар бир турнинг логик-грамматик, лисоний, коммуникатив (нутқий), стилистик хусусиятлари атрофлича ва чуқур очиб берилди. Олим бир бош бўлакли гаплар асосида гапнинг персоналлик, модаллик, предикативлик каби хусусиятлар ҳақидаги тушунчаларимизни янада бойитди.
И.Расулов ўзбек тилининг олий таълими сифатини ошириш йўлида катта хизматлар қилди. Унинг педагогика институтларининг педагогика ва бошланғич таълим факультетлари учун ёзган “Ўзбек тили” дарслиги кўп марта (1962, 1966, 1977, 1979) нашр этилди. У “Ўзбек тилининг практик стилистикаси” (1965 1971, 1978), “Ҳозирги ўзбек адабий тили (Тошкент, 1980) каби нуфузли олий таълим дарсликлари ёзилишида ҳамкор муаллиф сифатида қатнашди. Иномжон Расулов ўзбек тилининг олий ўқув юртларида ўқитилиш масалаларига, бу фаннинг мазмун-мундарижасининг белгиланишига катта эътибор берди. Шу боис унинг томонидан “Ҳозирги ўзбек адабий тили” курсининг дастурлари (1962, 1968, 1975, 1978 – сўнгги икки нашрда ҳамкор муаллиф М.Асқарова) яратилди. И. Расулов она тили ўқитувчиларига ўқувчилар саводхонлигини ошириш бўйича илмий-услубий ёрдамлар кўрсатиб келган. Хусусан, унинг 4-8 синфлар учун яратган “Диктантлар тўплами” қўлланмаси 1959, 1962, 1966, 1975, 1979 йилларда нашр этилган ва ҳозирги даврда ҳам ушбу қўлланма қимматли манба ҳисобланади. Ушбу ишда диктант ва унинг турлари ҳақида лўнда маълумотлар берилган ҳамда диктант матнлари имло асослари ва қоидалари бўйича ўринли жойлаштирилган, матнларнинг лисоний-нутқий ва маънавий-тарбиявий жиҳатларига катта аҳамият берилган.
Иномжон Расулов ўз фаолияти давомида она тили ва адабиёти ўқитувчилари билан узлуксиз муносабатда бўлган ва уларнинг илмий-услубий савияларини оширишга ҳаракат қилган.
Инсон хотираси муқаддас. Олим бугунги кунда орамизда йўқ бўлсада, унинг илмий мероси ўзбек тили ва адабиётини ривожлантириш, илмий тадқиқот ишларини бажаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Шу сулола вакили эканимдан фахрланаман.
Азизахон Расулова,
Фарғона давлат университети ўқитувчиси,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)