Юртимизда таълимга эътибор натижаси ўзида сифатли ўзгаришларни акс эттирмоқда. Янги Миллий ўқув дастури ўқувчиларга таълимда қандай имкониятларни тақдим этади? Она тилини ўрганишнинг муҳим асослари нималар орқали шаклланади? Шу каби масалалар юзасидан Чирчиқ давлат педагогика университети профессори Шаҳло Ботированинг фикрларига қизиқдик.
– Тарихдан маълумки, халқларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий тараққиётида тилнинг таъсир доираси, имкониятлари, унинг нафақат коммуникатив, балки илмий-маданий соҳа ривожидаги салоҳияти муҳим аҳамиятга эга, – дейди Шаҳло Ботирова. – Беҳбудий ўзининг “Икки эмас, тўрт тил лозим” (1913) номли мақоласида “Биз туркистонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозим”, дея туркий, яъни ўзбекча билишнинг сабаби Туркистон халқининг аксари ўзбекча сўзлашиши, форсий бўлса, мадраса ва удабо тили экани, арабий тил дин учун на даража лозим бўлса, русий ҳам тириклик ва дунё учун лозим экани ҳақида куюниб ёзган эди.
Эътибор бериб қаралса, Беҳбудий санаган тиллар ўз замонида ҳам муҳим соҳалар бўйича билим олиш воситаси сифатида зарурат саналган. Орадан бир аср ўтган бўлса-да, тилларни ўрганиш эҳтиёжи сақланиб қолмоқда. Бундан юз йил илгари тил билишнинг аҳамияти қанчалар юқори бўлган бўлса, бугун ҳам бу масала шу даражада долзарбдир. Яъни, милллий тафаккурни сақлаш ва ривожлантириш учун она тили муҳим бўлса, замонавий билимларни эгаллаш учун дунё тилларини билиш зарурдир.
Кўп тилларни билиш, албатта, яхши, аммо она тилини билиш жамият тараққиётини белгиловчи омилларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Тилни ривожлантириш, жамиятда ундан фойдаланишни қулайлаштириш, уни маданият, санъат ва фан тилига айлантириш бошқа кўплаб муҳим соҳаларнинг ўсишида асосий омил бўлиб хизмат қилади. Шуларни чуқур англаган адибимиз Хуршид Даврон ўзбек тилининг ривожи ҳақида куюниб шуларни ёзган эди: "... ўзбек тилининг келажаги шу тилда сўзловчи халқ ижодий тафаккурининг қувватига боғлиқ. Бу тафаккур ҳаракатда бўлгандагина муваффақиятга эришади".
Шунингдек, шоир тил ишлатиладиган соҳалар: хўжалик ишлари, сиёсий-ижтимоий соҳа, бадиий адабиёт, фан, ҳужжатларни юритиш, ахборот, эстетик таъсир воситалари (театр, кино…), халқ ижоди, маориф, турмуш, ўзаро ёзишмалар, диний маросимлар, ҳарбий соҳани санаб ўтади ҳамда ушбу соҳаларнинг ҳаммасида тил ҳаракатда бўлгандагина шу тилнинг келажаги ҳақида гапириш мумкинлигини ёзади.
– Хўш, жамиятимизда юқорида санаб ўтилган соҳалар давлат тилида ўз фаолиятини ташкил этаяптими?
– Хорижий тилни билиш рағбатлантирилаётган айни кунларда она тилимиз таълимини яхшилаш, уни жамият тилига айлантириш масаласи яна долзарблик касб этмоқда. Дунёнинг ривожланган мамлакатларини кузатар эканмиз, миллий тилини ривожлантиришга бўлган алоҳида эътиборга гувоҳ бўламиз. Уларда она тилини нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам ривожлантириш ҳаракатлари мавжудки, буларга ҳавас қилмасликнинг имкони йўқ. Хорижликларга миллий тилни ўргатиш билан шуғулланадиган Туркиянинг Юнус Эмре институти, Россиянинг А.С.Пушкин институти каби олий таълим муассасалари мазкур халқлар миллий тилининг ривожи ва дунё бўйлаб тарқалишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатнинг кечмиш замонда бошидан ўтказган тарихи, асрлар давомида амал қилиб келаётган анъаналари, яшаш учун муҳим ҳисобланмиш қадриятлари ва урф-одатларини акс эттиришда миллий тил кўмакка келади. Тилнинг ривожланиши халқнинг маданий меросини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш имконини беради.
Иккинчидан, таълим-тарбия тарғиботида миллий тилнинг ўрни беқиёс. Тилнинг ривожланиши маҳаллий тилдаги таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш орқали мамлакат таълимини ривожлантиришга хизмат қилади. Таълимни ривожлантириш борасида амалга ошириш лозим бўлган асосий тадбир – халқ тилида таълим ресурсларини яратиш ва албатта, тилни фан тилига айлантириш ҳаракатларини амалга ошириш ҳисобланади. Жаҳон илм-фанининг энг сўнгги янгиликларини халққа ўз тилида тақдим этиб бориш орқали халқнинг илмий савиясини доимий ошириб боришга эришишга имкон беради. Бу эса, ўз навбатида, таълим даражасини ошириш ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Учинчидан, миллий тил мамлакат аҳолиси ўртасидаги мулоқот воситасидир. Миллий тилнинг ривожланиши аҳолининг турли гуруҳларини ўзаро тушуниш ва ижтимоий интеграциялашувига ёрдам беради. Бу баркамол жамият барпо этиш, миллат бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қолаверса, миллий тил иқтисодий тараққиётнинг муҳим элементидир. Тилни ривожлантириш тижорат муносабатлари ва савдо-сотиқни ривожлантиришга хизмат қилади, мамлакатда тадбиркорлар учун имкониятларни яхшилайди, шунингдек, халқаро майдонда мамлакат обрўсини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Педагогик тадқиқотлар кўрсатадики, тил таълимининг асосий мақсади – тилни мулоқот воситаси сифатида малакали билишни таъминлаш, шунингдек, тил кўникмаларини, кузатиш, хотира ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришдан иборат. Тилни ўқитишнинг сифатли тизимини йўлга қўйишнинг асосий шарти жамиятнинг барча аъзолари, жумладан, болалар, ёшлар ва катталар учун сифатли тил таълими мавжудлигини таъминлашдир.
– Тил ўрганиш жараёнини янада қизиқарли ва самарали қилиш учун педагоглар қандай муҳим вазифаларни бажармоқда?
– Бугун юртимизда мактабгача таълим, умумтаълим, олий таълим муассасаларида ҳамёнбоп ва сифатли тил таълимини ташкил этиш ҳамда замонавий услуб ва технологияларни жалб этиш эҳтиёжи мавжуд. Дунё тажрибасида aхборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши, тил ўрганиш учун онлайн курслар ва иловаларнинг пайдо бўлиши самарани таъминламоқда. Ушбу ютуқларни таълим тизимимизга татбиқ этиш, интерфаол техникалар, аудио, видео материаллар, онлайн семинарлар, тестлардан фойдаланган ҳолда тил ўрганиш жараёнини янада қизиқарли ва самарали қилиш бугун педагоглар олдида турган муҳим вазифалардандир.
Юртимизда таълимга эътибор кейинги йилларда, айниқса, сифатли ўзгаришларни ўзида акс эттирмоқда. Ўқитишнинг сифати ҳамда мазмунини тубдан янгилаш, таълимни жаҳон стандартларига мослаштириш ва шу аснода халқаро миқёсдаги рақобатбардош кадрларни тарбиялашни кўзда тутувчи мазкур ўзгаришлар жамиятнинг барча бўғинларида ривожланишни таъминлаш учун хизмат қилади.
– Янгиланган Миллий ўқув дастурининг яратилиши тил таълимида қандай ўзгаришларни ясайди?
– Янгиланган Миллий ўқув дастурининг яратилиши тил таълимида тубдан ўзгариш ясади, десак, хато бўлмайди. Сабаби, назарий грамматика асосидаги тил таълими юртимизда узоқ йиллар давомида амалда бўлиб келди. Бунда таълим олувчиларнинг мустақил нутқ кўникмалари ва бунга боғлиқ ҳолда фикрлаш кўникмаларини шакллантириш кўзда тутилмагани сабаб олинган билимлар амалда қўлланмай қолиб кетаверди. Солиштириш учун эски ўқув дастурлари ёдлатишга асосланган методикани кўзда тутиб, дарслар мазмунининг 90 фоизи назариядан иборат эди. Янги Миллий ўқув дастури мазмуни 50 фоиз назария 50 фоиз амалиётдан иборат ва ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Янги Миллий ўқув дастури ўқувчиларни тил таълимида тўрт муҳим кўникма асосида амалий билим олишларини таъминлайди. Бу нутқий кўникмалар ўрганилаётган тилни амалда қўллай олиш ва ҳам оғзаки, ҳам ёзма тарзда мазкур тилда фикрни баён этиш малакаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Кўриниб турибдики, танланган йўл – асосли. Тил таълимини янги йўналишга тушириш учун мутахассис олимларимиздан якдиллик, халқимиздан бирдамлик ҳамда ўрганувчиларга рағбат талаб этилади. Тилни ўқитишдаги янги ўзгаришларни имкон қадар хато ва камчиликларсиз, чуқур мулоҳаза юритган ҳолда амалга ошириш лозим. Айни кунларда кўзга ташланаётган шошма-шошарлик, эътиборсизлик, ҳамда ўқитишдаги хатолар бутун бир авлоднинг нутқ ва шу аснода шаклланувчи фикрлаш жараёнида нуқсонларга сабаб бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, тилни ўқитиш миллат тафаккурини шакллантиришнинг асоси ҳисобланади. Қолаверса, тил билан узвий боғлиқликда ривожланувчи соҳаларнинг аҳамияти шу қадар юқорики, тил таълимисиз жамият тараққий эта олмайди.
Айни кунларда юртимизда таълимни ривожлантириш, хусусан, тилни ўқитишни тубдан янгилаш жараёни бошланган. Бунда атрофимизда қарашлар хилма-хиллиги, авлодлар ўртасидаги тафовутлар яққол кўзга ташланмоқда. Аммо, таълимда хатога ўрин йўқ. Айниқса, тилни ўқитишдаги хатоларнинг бадали оғир бўлиши мумкин.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА мухбири.