Тил ўрганишда ёшнинг аҳамияти йўқ (+видео)
Хорижий тилларни ўрганмаслик учун кўп баҳоналарни ишлатамиз. Қизиқ томони, бу баҳоналарни факт сифатида қабул қилиб, ўз устида ишлашга уриниб кўрмаётганлар ҳам бор орамизда. Аввало, бу ерда гап полиглотлик ёки бирор хорижий тил бўйича илмий иш қилиш ҳақида эмас, инсоннинг ўзига маъқул ёки зарурат юзасидан бирор хорижий тилни ўрганиши ва унда мулоқот қила олиши ёки қилолмаслиги ҳақида кетмоқда.
Узоқ вақтлар давомида, бирор тилни пухта ўрганишнинг ягона усули уни ёшлиқ чоғида ўрганиш деган фикр ҳукмронлик қилиб келади. Аммо бугунги қаҳрамонларимиз ушбу хулосанинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келиш-келмаслигини исбот қилиш учун юртимизга ташриф буюришган десак ҳам муболаға бўлмайди.
Танишинг ёши улуғ қаҳрамонларимиз Кевин Дин Кимбл ва Маурин Анна Кимбл жуфтлигидир. Энг қувонарлиси улар Америка Қўшма Штатларидан Ўзбекистонга "ўзбек тилини" ўрганиш учун келишган. Айни дамда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети қошида хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш тайёрлов курси “Uzbek school”нинг ўқувчиларидир. Тил ўрганишни бошлашганига 1 ой бўлганига қарамай бизни ўзбек тилида саломлашиб кутиб олишди.
Батафсил:
<iframe width="887" height="499" src="https://www.youtube.com/embed/Q1aw4WOThJI" title="Тил ўрганишда ёшнинг аҳамияти йўқ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Маълумот учун, тил ўрганиш мия қувватини сезиларли даражада оширади. Боиси, янги тил мутлақо нотаниш ва мураккаб қоидалар, тизим ва лексикага эга бўлади. Ушбу тузилмаларни ўзлаштириш эса инсон миясидаги ҳужайраларни активлашишига, қўшимча имкониятларни кашф этишига ёрдам беради. Тилни ривожлантиришда давом этиш, унда мулоқот қилиш кишининг когнитив ва таҳлилий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиради.
Шундай экан, "хорижий тил ўрганиш учун ёшим ўтиб қолди" деган баҳонани четга сурингда, бугунданоқ анчадан бери режалаштириб, аммо амалга оширолмай юрган яна бир мақсадингиз сари яна бир дадил қадам қўйинг.
М.Турдалиева, Б.Халилов, А. Аҳмедов, ЎзА