21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Тил ҳар бир миллатнинг кўзгуси, унинг ҳақиқий сарчашмасидир. Тил бор экан, миллат барҳаётдир. Тилни Онага қиёсланиши бежиз эмас, инсон ўз онасини кўрмасдан, унинг соф муҳаббатини, меҳрини туймасдан яшай олиши мумкин эмас. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 34 йил тўлди. Хўш, мана шу давр мобайнида ўзбек тилининг ҳақиқий жозибаси, унинг гўзаллигини дунёга танитиш учун қандай ишлар амалга оширилди?
Бу борада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, навоийшунос олим Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Домла, кейинги йилларда она тилимиз ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлар қамрови тобора кенгайди. Сизнингча, бу ижобий ўзгаришлар кўпроқ нималарда яққол кўзга ташланмоқда?
– Дарҳақиқат, охирги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи, обрўси, қўлланишини оширишда бир нечта муҳим, бир-бирини тўлдирувчи, мантиқий давом эттирувчи муҳим тарихий, сиёсий, ижтимой аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ва 2020 йил 10 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни шулар сирасидандир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, а) 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси; б) 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020–2022 йилларда амалга ошириш дастури; в)2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди. Концепциянинг асосий йўналишларида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида бир қанча устувор вазифаларнинг бажарилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги “Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш-замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак”, деган сўзлари айтиш мумкинки, она тилимизни чет тиллари таъсиридан асраб-авайлаш, фарзандларимизга она тили бўйича таълим бериш, она тилимизни тадқиқ ва тарғиб қилишда методологик асос вазифасини бажаради.
Мазкур фикрларда она тилимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътибор акс этганлиги билан бирга, бу борада биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳам мужассамдир. Шунга кўра, она тилимиз ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасидаги ижобий ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга ташланмоқда. Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниб, унинг таркибида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси тузилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги ҳар бир вазирлик, ҳокимлик тузилмасида Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси лавозими таъсис этилган.
Яъни, ҳар бир масалада тил нуқтаи назаридан маслаҳатлашилмоқда, ҳар бир соҳада давлат тилининг устуворлиги таъминланмоқда. Табиийки, мазкур тадбирлар бу борадаги ишларимизни янги босқичга кўтарди, ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини янада ошириш ҳамда фаолиятимизни янада кенгайтириш имконини берди. Бу эса кўплаб ўз ечимини кутаётган масалаларга ечим бўлиб, давлат тили масаласидаги ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.
– Маълумки, она тилимизнинг мамлакат ва жаҳон миқёсидаги тарғиботида сиз раҳбарлик қилаётган университет устувор ўрин эгаллайди. Бу борадаги эзгу ишлар хусусида тўхталсангиз.
– Концепциянинг асосий йўналишларида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида бир қанча устувор вазифаларнинг бажарилиши назарда тутилган. Шундай муҳим вазифалар сирасида ўзбек тилини ўзга миллат вакилларига ўқитиш, ўргатиш ишлари амалга оширилиши алоҳида қайд қилинган: “хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш; 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш; хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили курсларини зарур илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек тилини ўргатишга доир илмий тадқиқотлар миқдорини ошириш” каби вазифалар кўрсатилган.
Ушбу вазифаларни ижро қилиш мақсадида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бир қанча амалий ишлар қилинди ва қилинмоқда. Она тилимизнинг мамлакат ва жаҳон миқёсидаги тарғиботида буни амалга ошира оладиган кадрларни тайёрлаш масаласи кун тартибидан жой олади. Университетда айнан шу соҳада кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, яъни 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб “Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаб келинмоқда. Бу йўналишнинг битирувчилари хорижда очилган ва очилаётган туркология, ўзбек тили ва адабиёти марказларида, хорижий ОТМда; умумтаълим мактабларининг ўзга тилли гуруҳларида (ўзбек тили ва адабий ўқиш фанларидан), таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар, академик лицей, профессонал таълим берувчи муассасаларда ўзбек тили (давлат тили) фанидан дарс берадилар.
Университетда хорижлик тадқиқотчилар сафида олий малакали кадрлар ҳам тайёрлаб келинмоқда. Шулардан бири хитойлик тадқиқотчи Да Зенхин бўлиб (ўзбекча исми - Тожиддин), у қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослигида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун “Ўзбекча ва хитойча мақолларнинг лингвистик тадқиқи” мавзусида диссертацияни ўзбек тилида ҳимоя қилди. Яқин кунларда университетда яна бир хитойлик тадқиқотчи Ли Дидининг ҳам докторлик иши ҳимояси бўлиб ўтади.
Хорижликларга ўзбек тилини ўқитиш ва ўргатиш ишлари ҳам ўзбек тилининг дунё миқёсидаги тарғиботида муҳим ўрин тутади. Зеро, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Минг йиллик тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, юртимиздаги фаровон, осойишта ҳаёт, инвестициялар учун яратилган қулай шароитлар сабабли Ватанимиз олимлар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар, банкирлар, сайёҳлар учун энг қизиқарли мамлакатлардан бири ҳисобланади, яъни дунё халқлари орасида ўзбек тилини ўрганишга, уни илмий тадқиқ қилишга эҳтиёж ва эътибор катта.
Ўз навбатида университетга хорижлик талабаларнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Айни дамда 200 га яқин хорижлик талаба анъанавий ва масофавий шаклда таълим олиб келмоқда. Хорижликларга ўзбек тили ва маданиятини ўргатиш борасида ҳам университетда амалга оширилаётган ишлар талайгина. Университет ташкил этилганидан бошлаб, биз хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш, янги методикалар ишлаб чиқиш мақсадида махсус тайёрлов курслари фаолиятини йўлга қўйган эдик. 6 йил давомида бу тайёрлов курсларида 300 дан ортиқ хорижликлар ўзбек тилини муваффақиятли ўрганди. Тўпланган тажрибалар ва хорижликлар қизиқишлари ортиб бораётгани боис, 2022 йилда биз университет ҳузурида хорижликларга ўзбек тили ва маданиятини ўргатадиган “Ўзбек мактаби”ни ташкил этдик.
Ушбу марказда ўзбек тили ўзбек маданияти негизида ўргатилади. Миллий қадриятларимизга асосланган маҳорат дарслари, ўзбек тилида мулоқот клуби мунтазам ташкил этиб борилади. Асосийси, тил ўрганувчиларнинг истакларидан келиб чиқиб ўзбек тили бошқа соҳаларга интеграция қилинган ҳолда ўқитилиши мумкин. Масалан, бизнес соҳасида ўзбек тили, дипломатик соҳа вакиллари учун ўзбек тили ва ҳоказо. “Ўзбек мактаби” жамоаси томонидан хорижликлар учун ўзбек тили дарсликлари (А1, А2 даражалар учун) нашр этилди. Бу дарсликлар ҳозиргача яратилган шу турдаги китоблардан инглиз, рус, француз, корейс ва турк тилларида йўриқномаларнинг берилиши, тил ва маданият уйғунлигида тузилган изчил мавзулар ва уларга мос машқлар, топшириқлар савияси, оригинал тасвирлар ва аудиовизуал материалларнинг илова қилингани билан ажралиб туради. Ҳозирда “Ўзбек мактаби” томонидан В1 дан С1 даражагача ҳам шундай уникал дарсликлар яратиш режалаштирилган.
Она тилимизнинг мамлакат ва жаҳон миқёсидаги тарғиботида, шунингдек, хорижий мамлакатларда Ўзбек тили ва маданияти марказларини ташкил қилиш муҳим ўрига эга. Бу борада, хусусан, 2023 йил 4 октябрь куни Қирғиз Республикасининг Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилиши катта аҳамиятга эга бўлди. Бу марказни очиш ташаббуси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан билдирилган эди. Марказ очилишида Ўзбекистоннинг Қирғиз Республикасидаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Қирғиз Республикаси таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари Уланбек Усеков, Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Муса Жаманбоев, университет делегацияси иштирок этди. Университет томонидан мазкур марказга 209 номда ўзбек тилидаги бадиий ва илмий китоблар, 14 та тасвирий санъат намуналари ва кўплаб ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари совға қилинди.
Бундан ташқари дунёнинг яна бир нечта ОТМда Ўзбек тили ва маданияти марказларини очиш, ўзбек тили курсларини ташкил қилиш, уларни илмий-методик адабиётлар, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, талабаларнинг академик мобиллигини амалга ошириш кабилар режалаштирилган. Хусусан, 2023 йил июнь ойида университетга Оксфорд университети делегацияси ташрифи вақтида Оксфорд университетида ўзбек тили курсини очиш ва унинг методик қўллаб-қувватлаш бўйича тилаклари университет раҳбарияти томонидан олқишланиб, бу эзгу ниятнинг амалга ошиши учун университет тайёр эканлиги таъкидланди.
– Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича кейинги ўзгаришлар ижтимоий тармоқларда турлича фикрларга сабаб бўлди. Соҳада катта тажрибага эга бўлган тилшунос сифатида буни қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?
– Аввало шуни таъкидлаш лозимки, мен аслида мантшунос, адабиётшунос олимман. Аммо Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини бошқариш жараёнида яхшигина тилшуносга ҳам айландим десак бўлади...
2016-2020 йиллар давомида университет қошида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари кўплаб таклифларни йиғишди. Алифбо ислоҳоти бўйича билдирилган хилма-хил, ҳатто бир-бирига зид таклифу фикрлар орасида ўзаро уйғун, ҳамоҳанг фикр-мулоҳазалар ҳам ажралиб турди. Жумладан, кўпчилик якдиллик билан: “Энг камида, алифбодаги тўртта муаммоли ҳарфни ислоҳ қилишимиз шарт”, дейишди. Дарҳақиқат, миллий алифбомиздаги мавжуд муаммолар нафақат ўқиш-ёзиш жараёнида қийинчилик туғдирмоқда, шу билан бирга, имлони, грамматикани текширувчи, матнни нутққа айлантирувчи ҳамда нутқни матнга айлантирувчи дастурларнинг пайдо бўлишига ҳам тўсқинлик қилиб келмоқда.
Айни пайтда Google, Microsoft, Huawei, Samsung, LG ва бошқа бир қатор йирик технологик компаниялар ўз дастурий маҳсулотларини ўзбекчалаштираётганини ҳисобга олсак, алифбони кечиктирмасдан ислоҳ қилиш айни муддао саналади. Шундай қилиб, кўп фикр алмашинувлардан сўнг, билдирилган илмий, мантиқий, ижтимоий далиллар асосида ўзбек миллий алифбосининг янгиланган лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳукуматга тақдим этилди. Ҳукумат, ўз навбатида, бу масалани охирига етказишни ва алифбо бўйича такомиллаштирилган Лойиҳани ишлаб чиқишни ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтига топширди.
Шунга кўра, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича кейинги ўзгаришлар айнан шу институт томонидан тақдим қилинди. Бу борада ижтимоий тармоқларда билдирилаётган турлича фикрларга келсак, уларнинг кўпчилиги масаланинг туб моҳиятини тўғри тушунмасликдан келиб чиқмоқда. Зеро, бир фикрни эсга олиш жоиз: дунёдаги бирорта алифбони мукаммал деб бўлмайди. Ҳар қандай алифбо муайян камчиликларга эга, лекин, энг муҳими, миллий алифбомиз тилимизнинг асосий талаб ва мезонларига жавоб бериши, ёзиш ва ўқишга қулай бўлиши, халқимизни, жумладан, Ўзбекистондан ташқаридаги миллатдошларимизни ҳам маънан бирлаштириши зарурлигини эсдан чиқармаслигимиз зарур.
Ҳозирги тақдим этилган лойиҳадаги “C (ch)” ҳарфи 1929-40 йиллардаги ўзбек алифбосида ҳам бор. Ҳаммага маълум, “Ch” ҳарфи методик нуқтаи назардан маъқул эмас, чунки унинг таркибидаги “C” белгиси фақат шу ҳарфда бор, алифбода йўқ. Ўқувчилар бу товушни ифодалаш учун 2 та ҳарфни ўрганишига тўғри келади. Алифбода йўқ “С” ҳарфини ўқитувчилар ўқувчиларга қандай ўргатишяпти? Қойил уларга. “C” белгиси бошқа жойда йўқлиги сабабли уни “ch” сифатида қўллаш мумкин.
Янги тақдим этилган лойиҳадаги “Ş (sh)” ҳарфи ҳам юқорида кўрсатилган 1929-40 йиллардаги ўзбек алифбосида бор. “Oʻ” ва “Gʻ” ҳарфларининг белгиси эса тутуқ белгисига ўхшагани учун кўпчилик уни “О’” ва “G’” шаклида ёзиб келади, бу эса жуда қўпол имловий хато ҳисобланади. Ҳозирги лойиҳада Ў ва Ғ товушларига эстетик жиҳатдан яхши вариант танланган деб ҳисоблайман.
Алифбо ислоҳотидан кейин қабул қилинадиган янги имло қоидалари мукаммал ишлаб чиқилса, алифбо, имло, ёзувлардаги кўплаб хатоликларга барҳам берилади, деб умид қиламиз.
– Она тилимиз ривожига давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Лекин айни пайтда тилимизни асраб-авайлашда ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти, она тилимизга ҳурмати бўлмас экан, бундай вазият барча эзгу ишлар натижасига соя ташлайди. Бу борада cизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.
– Шубҳасиз, она тилимиз ривожига давлат томонидан катта эътибор берилаётган бир пайтда бизлар – мамлакатимиз фуқароларининг ўз она тилига ҳурмати бўлмаса, тил олдида шахсий масъулиятни ҳис қилмаса, барча амалга оширилган ва оширилаётган ишлар самарасизлигича қолиб кетаверади. Бунинг учун ҳар бир инсон бу борада ўзи намуна бўлиши, яъни у ўз нутқида чет сўзларни ноўрин қўлламаслиги, имловий хатолар билан ёзилган ёзувларни омма олдида намойиш қилмаслиги ёки шундай ёзувларни кўрса, лоқайд ўтиб кетмаслиги, уни ёзган одамга танбеҳ бериб, ёзувни тўғрилаб ёзиб бериши зарур. Бу хайрли ишларни бажаришда ўзбек халқи бирдам ва елкадош бўлиши зарур. Президентимиз айтганидек: “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”. Уни асраб-авайлаш, ривожлантиришга ҳар биримиз масъулмиз.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова
ёзиб олди.