Тил – миллий ўзлик ва қадриятлар белгиси
Дунёда ҳар бир халқнинг беназир бойлиги, ифтихори, ўзга миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгиларидан бири унинг тилидир. Тил миллий, маънавий тафаккур ва руҳиятни акс эттирувчи қадриятдир. Турли индивидуал, ижтимоий муносабатларда тилнинг ўрнини боса оладиган восита мавжуд эмас. Унинг ривожи, ўзгариши, бойиши жамият тараққиёти билан узвий боғлиқ.
Шунинг учун ижтимоий-сиёсий воқеликдаги ўзгариш аввало тилда ўз аксини топади. Миллий тилда янгиликлардан хабардор бўлиш, уларнинг моҳиятини тўғри ҳис этишга, ўқувчи тафаккур қобилиятининг ўсишига, нутқий кўникмасининг ривожланишига имкон беради.
Тил ижтимоий-руҳий ҳодиса бўлганидан унинг меъёрларини белгилаш давлатнинг тил сиёсати билан ҳам боғлиқ бўлади. Давлат сиёсати адолатга асосланса, тил сиёсати ҳам шунга мувофиқ бўлиб, тилнинг меъёрларини тўғри аниқлашга имкон яратади.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Бирор киши ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучуни, чексиз имкониятини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримзнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва хофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.
Манбаларда келтирилишича, (ўзбек) туркий тил бугунга қадар бир неча маротаба давлат тили мақомига эга бўлган. Биринчи марта Х асрда, Қорахонийлар даврида, 1213 йилгача туркий (ўзбек) тили давлат тили мақомига эга бўлган. Икккинчи марта давлат тили мақомига эга бўлиши буюк Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро замонасига тўғри келади.
Маълумки, миллий мустақилликдан олдин миллий (ўзбек) тилига Давлат тили мақоми берилгач, тил давлат рамзлари қаторида турадиган тимсоллардан бирига айланди ва бунинг натижасида юртимизда истиқомат қилувчи 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилллари бу тимсолга эҳтиром кўрсатишни ўзларининг фуқаролик бурчи деб билади. Ўз навбатида ана шу миллат ва элат вакилларининг тили, миллий қадриятларининг ривожи учун тегишли шароит яратиш қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўтган давр мобайнида ўзбек тили ва унинг халқаро доирада нуфузини ошириш, миллатлар орасида алоқа воситаси сифатида кенг қўлланилиши, миллий-маънавий мафкурани тўғри шакллантириш ҳамда юксалтириш борасида роли ва ўрнини ошириш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Айниқса, 2020 йилнинг 23-сентярида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк маротаба, 2023 йил 20 сентябрда бўлиб ўтган 78-сессияда ўзбек тилида маъруза қилиши милллий тилимизнинг жаҳонда иқтисодий ривожланган ва тили халқаро тил сифатида тан олинган давлатларнинг тиллари билан тенглаша олишини исботлади.
ЮНEСКО маълумотларига кўра, бугун дунёда 6 минг 912 та тил мавжуд бўлиб, улардан атиги 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Улар қаторида она тилимиз - ўзбек тилининг борлиги ҳар биримизнинг қалбимизни фахр ва ифтихорга тўлдиради.
Ҳозирги кунда ўзбек тили, уни ўрганиш, ўргатиш энг долзарб масала сифатида турли даражадаги йиғин, мулоқотларнинг кун тартибидаги асосий муҳокама масалаларидан бирига айланган. Асосий муаммо сифатида тил ва ундан тўғри фойдаланиш, мулоқот маданиятига риоя қилиш, ёшларда тил унсурларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилиш, оғзаки ва ёзма нутқ меъёрларини ўргатишга асосий эътибор қаратилмоқда. Муҳокамаларда кўтарилаётган муаммолар ўша аудиторияда атрофлича таҳлил этилиб, маълум тавсиялар ишлаб чиқилиб, татбиқ этиш тавсия қилинмоқда. Адлия вазирлиги томонидан тил қонунларини бузганлиги учун тегишли жавобгарлик чоралари ҳам мавжудлиги уқтирилмоқда. Аммо бу саъй-ҳаракатлар ҳалигача ўзининг ижобий ҳосиласини кўрсатаётгани сезилмаяпти. Нутқда (айниқса, оғзаки нутқда) рус ёки бошқа бирор хорижий тил сўзларни қўллаш «одат»и сақланиб қолмоқда. Ҳар қандай тарбиянинг асосий таянчи оилада эканлиги, инсон тафаккурининг шаклланишида таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс эканлиги, аввало, ҳар бир инсон ҳар жабҳада ўзи ўзгаларга намуна бўлиш кўникмасига эга бўлиши кераклигини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Ўзбек адабий тилининг ёзма (оғзаки шакли ҳам) меъёрларига амал қилмаслик миллий тилимиз, унинг мавқейи, юксалиши, халқаро алоқа алмашинув воситаси даражасига кўтарилишининг секинлашувига сабаб бўлади.
Ҳар соҳада бўлгани каби тил ва ундан фойдаланиш, унинг меъёрларини ўргатиш ва янада ривожлантириш соҳасида муаммолар кўп, аммо уларнинг ечимини топишда кимнидир ёки тил ўргатадиган касб эгасини айблаш анъанаси ҳалигача сақланиб қолмоқда. Аслида, ўзбек тили фақат ўзбеклар учун эмас, Ўзбекистонда яшаётган, бу юртга келиб соҳаларда фаолият юритаётган ўзга миллат вакиллари учун ҳам фикр баён қилиш воситасига айланиши керак. Оммавий ахборот воситаларида хорижлик тадқиқотчилар, тадбиркорлар, дипломатларнинг ўз интервьюларида бемалол ўзбек тилида гапира олишларининг гувоҳи бўламиз. Бу - хорижликларда миллий тилимизга бўлган қизиқиши, ўзбек тилида мулоқот қилиш истагининг пайдо бўлганлиги, миллий ўзлигимизга бўлган ҳурматидан далолат.
Ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, маданияти, урф-одати, тарихий тараққиётидаги ўзгаришлар, умуман, ҳозирги даврдаги мавжуд ижтимоий ҳаётидаги турли ҳолатлар унинг тилида акс этар экан, тилга бўлган эътиборни, унинг тараққиёти, юксалиши бошқа тиллар ўртасидаги мавқеини янада кўтариш учун ҳар бир миллатимиз вакили ўз зиммасида юксак масъулият борлигини ҳис қилиб яшаши лозим.
Фурқат Нурманов
Тошкент технология, менежмент,
коммуникация институти доценти,
Мухаммаджон Маматқулов
Тошкент технология, менежмент,
коммуникация институти катта ўқитувчиси