Тил миллатнинг маънавий ўзлигини ифодалайди
Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўзининг муқаддас ҳисобланган тилига эга. Тил халқнинг, миллатнинг тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этади. Айни вақтда у жамиятни ривожлантириш омили, миллатнинг ажралмас хусусияти ва давлатнинг суверенлигини кўрсатувчи белгилардан биридир.
Ўз она тилига эга бўлиш ва унинг ривожланиши миллатнинг маънавий ўзлигини ифодалайди. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлган эди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Бу унинг мустақил давлатимиз Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзи эканига ишорадир.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда ўзбек тили кенг қўлланилаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 21 октябр – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригини эшитиб қалбим ғурурга тўлди.
–Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин, – деди Президентимиз. – Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, ғоят муҳим бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилиб, ўзбек тилини турли соҳаларда қўллашга оид тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Олийгоҳ қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, 6 та махсус ўқув курси ҳамда Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилгани ҳам айни шу мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Президентимиз табригида ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида яқин келгусида асосий вазифаси чет элларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институти фаолияти йўлга қўйилишини таъкидлади. Бу ўзбек тилини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилингани, 5 жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” фундаментал тадқиқоти вазирлик ва идоралар, таълим-тарбия масканларига, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига етказилгани, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошлар учун махсус веб-сайт яратилгани кишига ўзгача ғурур ва фахр бағишлайди.
Алишер Навоий бобомиз ҳар бир сўз, яъни унинг маъносини инсон кўнглидаги хазинанинг очгувчисидир, дея таъкидлаган. Навоий бобомиз маънони сўзнинг жони деб билган. Сўз қудратини ўзининг бетакрор замон ва макон чегарасини билмайдиган боқий асарларида ифодалаб берган бобомиз ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишида ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсата олган улуғ зотдир. Биз ана шундай улуғ зотларнинг давомчиси сифатида тилимизда учраб турган хато ва камчиликларни тўғирлаш учун бирлашмоғимиз даркор ва бу бизнинг бурчимиздир. Зеро, Янги Ўзбекистонда ўзбек тили миллий ўзлик ва буюк қадрият сифатида равнақ топиши зарур.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари