Тил – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси
Дарҳақиқат, тил – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади.
Она тилим – олтин сандиғим
“Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарорида “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият” экани алоҳида таъкидлаб ўтилган. Дарҳақиқат, тил – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳонда ўз она тилини улуғламаган, унинг шаъни, обрўси учун курашмаган халқни топиш мушкул. Тилда ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўли, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ва санъати, маънавияти ўзининг яққол ифодасини топган бўлади. Шу боис уни кўнгил мулкининг бебаҳо гавҳари, дури каби сақлайдилар, ўрни келганда кўкрагини қалқон қилиб ҳимоялайдилар ҳам.
Тилнинг вазифалари адоқсиз ва у ўз зиммасига юклатилган барча вазифаларини бекаму кўст адо этишга қодир. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейинги 30 йиллик тарихимизни кўздан кечирадиган бўлсак, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.
Нуфуз ва таназзул
XXI аср ўз кўлами ва шитоби билан инсоният тарихида ўзига хос чуқур из қолдирмоқда. “Глобаллашув асри”, “Юксак технологиялар замони”, “Техникавий инқилоблар даври” деб аталаётган дунёнинг бугунги манзарасида тил ва уни ўрганишга муносабат масаласи ҳамон ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, дунёнинг нариги чеккасидан бу чеккасига узатилаётган ошкора ва пинҳона, расмий ва норасмий маълумотларнинг барчаси муайян тил ёки махсус кодлар орқали амалга оширилмоқда. Шунинг учун жаҳон халқларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ва маърифий ҳаётида улар томонидан қўлланилаётган миллий тилларга жуда катта эҳтиёж сезилмоқда. Бу эҳтиёж туфайли баъзи бир тилларнинг нуфузи кундан-кунга ошиб бораётган бўлса, баъзи тиллар таназзулга юз тутмоқда.
Гапираяпмизу, ўйламаяпмиз
Илм-фан, техника ақлбовар қилмас даражада ривож топганига қарамасдан, дунё ҳамжамияти сайёрамизда нечта тил борлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Баъзи маълумотларга кўра, дунё тилларининг сони 7000 дан ошади. Мазкур тиллардан 14 тасида инсониятнинг учдан икки қисми гаплашади. Ушбу тилларнинг ҳар бирида сўзлашадиганлар сони эса 50 миллиондан зиёд. Дунёдаги 70 тилда гаплашадиганлар 5 миллиондан кўп бўлса, қолган тилларда мулоқот қиладиганлар 1 миллиондан кам.
Бу маълумотларни нима учун келтираяпмиз?! Биз ўзбек тилининг дунёдаги нуфузини ошириш устида тинимсиз гапираяпмиз-у, лекин буни қандай қилиб бажариш мумкинлиги устида сира ўйламаяпмиз. Биринчидан, инглиз, рус ҳамда бошқа тилларда ўзбеклар ва ўзбек тили бўйича келтирилган халқаро миқёсдаги маълумотларни жиддий қайта кўриб чиқиш, илмий асосланган, расмий тан олинган манбалар асосида ўзбек миллатининг дунёдаги ўрнини ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини холис кўрсатиб бериш зарур. Бундай шарафли ва масъулиятли вазифанинг салмоқли қисми тилшуносларнинг зиммасига тушиши аниқ.
2,7 миллион қаёқдаю, 10 миллион қаёқда...
Фактларга мурожаат қилайлик:
https//ru/wikipedia.org˃wiki˃uzbeki сайтида дунёда ўзбекларнинг сони 35 миллион, шундан Афғонистонда 2,3-2,7 миллион, Тожикистонда 1,3 миллион, Қирғизистонда 918 мингдан зиёд, Қозоғистонда 576 минг, Россияда 289 мингдан кўп, Туркманистонда 250 минг, Туркия, Покистон, АҚШда 70-80 мингдан кўп ўзбеклар истиқомат қилиши айтилган. Нуфуз жиҳатидан дунё тиллари ўртасида 41-ўринда туриши таъкидланган.
Бу фактлар бир ёқлама, асосан, рус туркологлари ва мутахассисларининг маълумотларига таяниб берилган. Масалан, юқоридаги сайтда Афғонистонда 2,3-2,7 миллион атрофида ўзбеклар яшаши айтилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил топгандан буён Афғонистондан 3 маротаба вакиллар келди ва Президентимиз ташаббуси билан Термиз шаҳрида “Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази” ташкил этилди. Маълум бўлишича, Афғонистоннинг 9 вилоятида сал кам 10 миллиондан ортиқ ўзбек истиқомат қилар экан. 2,7 миллион қаёқдаю, 10 миллион қаёқда... Қўшни қардош давлатларда яшаётган ўзбекларнинг сони ҳам бошқача бўлиши аниқ. Ҳатто сайтда берилган ўзбекларнинг сони қўшиб чиқилса ҳам 37 миллиондан ортиқни ташкил қилмоқда.
Бу шунчаки халқ эмас
https//uz.m.wikipedia.org˃wiki˃uzbeki сайтида дунёда ўзбекларнинг сони 50 миллиондан ортиқ экани кўрсатиб ўтилган ва нуфузи 32-ўрин деб белгиланган. Бу маълумотга қўшилса бўлади.
50 миллионли халқ – бу шунчаки халқ эмас. Бундай нуфусга эга бўлган халқ асрлар синовидан ўтган, тили, маданияти, санъати қиёмига етган ва бошқаларга ибрат бўла оладиган халқ саналади. Бугун Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсат буни амалда кўрсатмоқда. Дунё Ўзбекистон ва ўзбеклар томон интилишни бошлади.
Она тилимиз бошига соя солиб турган катта хавф бор
ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган “Йўқолиш арафасида турган дунё тилларининг атласи”да таъкидланишича, Европадаги 50 та, Тинч океани ҳудудидаги 2000 та, Африка қитъасидаги 250 та тил ҳалокат арафасида турибди. Асримиз охирига бориб, инсоният ҳозирда мавжуд бўлган тилларнинг ярмини мангуга бой бериши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Тилларнинг йўқолиб кетишини глобаллашув жараёнлари ва урбанизация ҳодисасининг кучайиши билан боғлашмоқда. Улардан ҳам кўра ортиқроқ омил бу – илм-фан, техника ривожидир.
Биз ҳам ўз уйимизда қимирламасдан, хорижий ташрифлар ва маҳсулотларга маҳлиё бўлиб ўтираверсак, тез орада кўчаларимиз, дўконларимиз, дастурхонимизни “босиб кетган” гамбургер, бургер, хот-дог, маркетлардан қутила олмай қоламиз. Жадал суръатларда ўзбек тилининг машинавий тилини амалга киритиш ва дастурлаш она тилимизни бундай хавфдан қутқариб қолади.
Янги йўналишларга янги авлод кадрлари керак
Фақат тил соҳасини эмас, илм-фан, техника, таълим-тарбия, санъат ва маданият, тиббиёт, дипломатия, молия-кредит, машинасозлик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, мазкур соҳаларда фаол қўлланадиган сўз ва атамаларни тизимга солиш, улар устида илмий изланишлар олиб бориш зарур. Бунда фанлараро интеграцияга алоҳида аҳамият бериш даркор. Боиси жаҳондаги илғор халқлар ўз тиллари устида жиддий изланишлар олиб бориб, тилшуносликнинг янгидан-янги йўналишларига асос солди. Бугун тилшуносликда ареал лингвистика, математик лингвистика, географик лингвистика, этнолингвистика, социолингвистика, психолингвистика каби соҳалари билан биргаликда когнитив лингвистика, эколингвистика, биолингвистика, корпус лингвистикаси, гендер линвисткаси, интернет-лингвистика, когнитив лингвистика, нейролингвистика, менталингвистика сингари замонавий йўналишлари пайдо бўлди ва жадал ривожланмоқда. Ушбу йўналишлар глобаллашув шароитида фанларнинг бир-бирига таъсири, интеграциялашуви натижасида юзага келган. Бизнинг олдимизда юқоридаги янги йўналишларнинг барчасида бемалол ишлай оладиган филологлар ва улар билан бирга ишлайдиган бошқа соҳа вакилларининг янги авлодини тайёрлаб беришдек улкан вазифа турибди.
Жиддий ўйлаш фурсати келди
Айтиш жоиз, мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига монанд равишда биноларимизга мос номлар қўйилди. Улар “Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига тўла жавоб беради. “Туркистон” саройи, “Азиз меҳмон” меҳмонхонаси, “Райҳон” оилавий ресторани, “Кенг макон” ишлаб чиқариш корхонаси, “Жайрон” экомаркази, “Забардаст” фермер хўжалиги, “Зебо” салони, “Фазо” ресторани, “Болажон” супермаркети каби. Бундай номларни муҳташам биноларимиз чиройига ярашиб тушган.
Аммо "Плаза”, “Браво”, “Golden chiken”, “Miss Sanam”, “Тополина интер стар”, “Идеал”, “Элегант”, “Z OIL”, “Эльдарадо”, “EVER MEN”, “Petrol” сингари номлар устида жиддий ўйлаб кўриш вақти келди. Дунё тилларида нейминг, брендология деган йўналишлар бор. Ҳар қандай ном ном қўйиш андозаларига, талабларига мос келиши ҳисобга олинади. Ном қўйишда миллийлик, ҳудудийлик, қисқалик, аниқлик, тушунарлилик тамойилларига амал қилинади. Юқоридаги номларнинг биронтасида бу жиҳатларга риоя этилмаган. Ном қўйишда хорижга тақлид, кўр-кўроналик кўриниб турибди. “Индаба”, “Нек стар”, “Раййона Ишонч-сервис Х.К”, “Алёр текс”, “Раш милк”, “Динур-ленд”, “Чинкамол”, “Асклепий” сингари номлар ўзбек халқи ва ўзбек тили учун ҳеч қандай маъно англатмайди. ККБФМНКМ вилоят бошқармаси, “Хоразм Диёр, Макс сервис”, “Aloqa Print” МЧЖ, “Асака МАК МЧЖ”, “Алоқа “Самошертекс”, "Ўз-Донг Жу Пэинт Ко" МЧЖ, “Мерастекстиль”, “СулШерЖаҳон” сингари номларнинг маъносини тушунтириб беришга тил ожиз...
Эртага нима деймиз?!
Бу каби номларга индамаслик она тилига беписандлик демакдир. Бургер ёнида нонбургер, дружбабургер, Хадра нон-бургер пайдо бўлди. Аста-секин тарқалиш майдони кенгайиб бормоқда. Билмаймизки, ном остида ғоя, мафкура ётганини. Жаҳон майдонида гегемонликни даъво қилаётган давлатларнинг дунёни қайтадан бўлиб олиш умидида ядровий қуроллардан кўра, мафкуравий йўл билан бошқа халқларни бўйсундиришга иштиёқи ортган бир пайтда бу каби ҳолатларга индамасдан, мутелик билан, узоқни ўйламасдан туриб ёндашиш, шахсий қизиқишлардан келиб чиққан ҳолда дўконига, фирмага, фермер хўжалигига, меҳмонхонага дуч келган номни қўйиб олиш тўғри эмас. Шундай қилсак, ўзбекчилигимиз қаерга кетади?! Эртага кейинги авлодга нима деймиз?! Бу тилимизнинг қашшоқлиги, камбағаллиги нишонаси эмас, балки мутасадди шахсларнинг эътиборсизлиги, тил саводсизлиги туфайлидир.
Ким бизга эътироз билдирди? Ҳеч ким!
Қаранг, қандай чиройли, бетакрор номларимиз бор: Яшнобод, Тўққизариқ, Қўшариқ, Исломобод, Далварзинтепа, Сардоба, Варахша, Боғибаланд, Заркамар, Сангардак, Ўғузработ, Хосиён, Насаф, Чўпонота, Сақичмон, Бўрижар, Тахтапул, Учбулоқ, Қаландархона, Ойдинбулоқ, Мингчинор, Кужгон, Улуғнор, Сарбонтепа, Қатортерак, Ахсикент, Ғишткўприк, Янгиқўрғон, Мойбоғча, Мирпўстин ва ҳоказо. Фақат жой номларининг республика захирасида 87 мингта шундай ном бор экан.
Турмуш тарзимизнинг ўзгариши, янгиликларнинг таъсири натижасида ички имкониятлар асосида “Тарона”, “Тасанно”, “Ниҳол”, “Ислом нури”, “Ҳидоят” каби бирликларнинг пайдо бўлиши бу – тилимизнинг жилоланиши, янгича талқинларда бўй кўрсатиши демакдир. Шу тарзда ўзбекча ёки хорижий бўлса ҳам тилимизга мос номни қўйсак, ким бизга эътироз билдирди? Ҳеч ким! Ном қўйишда келажак умиди билан ёндашиш ҳар биримизнинг она тилимиз олдидаги фарзандлик бурчимиз ва вазифамиздир. Буни асло унутмаслигимиз керак.
Ўрни келганда шу нарсани ҳам таъкидлаш жоиз: ҳар бир миллий тил бошқа тиллардан айрича яшамайди, инсонлар бир-бирлари билан муомала-муносабатларда бўлгани каби тиллар ҳам бир-бирлари билан доимий алоқада яшайди. Шу боис бир тилдан иккинчи тилга сўзларнинг ўтиб туриши қонуний ҳол саналади. Пайнет, рейтинг, коллеж, лицей, шоу, дизайнер, лицензия, бизнес, кредит, терминал, тендер, сайт, компьютер, айфон, смартфон, ноутбук, флешка, вирус, антивирус, планшет, дисплей, кастинг, фирма, офис каби сўзларнинг кундалик ҳаётимизда ишлатилишига ҳеч ким ажабланмай қўйди. Уларнинг ҳар бири ўз маъносига, ишлатилиш кўламига эга. Мисол учун, карвинг – мева ва сабзавотлардан композиция ишлаш, лапароскопия – чандиқсиз жарроҳлик усули демакдир.
Ўз навбатида, ўзбек кураши орқали дунёнинг кўплаб давлатлари тилига тарқаган чала, дакки, ғирром, ҳалол сингари ўзбек сўзларини бошқа халқлар ҳам тўғри қабул қилишди.
Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан биридир. Она тилимиз юртимиздаги қадим ва муқаддас, мўъжизавий булоқлардек тоза ва мусаффо, истеъмолга доим яроқли бўлиши шарт. Унинг ички имкониятлари чексиз ва мислсиздир. Ундан ўринли фойдаланиш, тилнинг софлиги, табиийлиги учун курашиш, оғзаки ва ёзма нутқда тил меъёрларига тўлиқ риоя қилиш, она тилининг булоқдек мусаффолигини, тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг элу юрт олдидаги шарафли ва айни чоғда муқаддас бурчимиздир.
Абдулхай СОБИРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор.