Тил миллат руҳини ифодалайди
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Тилнинг муқаррар яшаши, унинг софлиги шу тилдан фойдаланувчи халқнинг тафаккурига ва миллий ўзлигига боғлиқ экани ҳеч ким учун сир эмас.
Она тилимиз ҳозирги кунга қадар бир қатор баланду пастликларни кўрган, кези келганда чўққиларни забт этган, жарлик остонасида заиф ва бахтсиз титраган тилдир. Мустабид тузум даврида миллатнинг маданиятини, санъати ва тилини асраб қолиш учун курашган маърифатпарвар зиёлилар – жадидлар буни теран англаб етган. Зеро, миллатни асраш – унинг дину диёнати, иймон-эътиқоди, ахлоқ, одоб, урф-одат, анъаналари ва тилини асраш демакдир.
Тилимизга давлат мақоми берилиши Истиқлолга эришиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлганди. Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеини топди. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъмат, десак асло муболаға бўлмайди.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Бунга тарих ўз гувоҳлигини беради. Ўн саккиз мингдан ортиқ бетакрор сўзларни бошқа тилларга тўла-тўкис таржима қилиб бўлмаганидек, унинг таг замирида ифода этилган ҳис-туйғуларни ҳам етказиб бериш мушкул.
Бундан 35 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлгани, айни ҳақиқат. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.
Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий, расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муомалада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган.
Бироқ ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш хавфида бўлган тилларни сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборат. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади.
Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари ҳам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин.
Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди.
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз. Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз шарт ва лозим.
Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.
Гулсанам Норова,
Навоий давлат педагогика институти доценти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА