21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Тил буюк аждодларимиздан мерос миллий қадрият, тафаккур қуролидир. Тафаккуримиз маҳсулини намоён этиш тил воситасида амалга оширилади. Қувончу шодлигимизни ҳам, ғам-ташвишимизни, режаю муаммоларимизни ҳам ифода этадиган восита тилимиз ҳисобланади. Меҳримизни, қаҳримизни, хайрихоҳлигимиз ё нафратимизни тил ёрдамида баён этамиз. У сиз, содда қилиб айтганда, “ёрилиб кетамиз”. Тилимизнинг бебаҳо неъмат эканлиги аввало ана шунда. 

Тил – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади.

Дунёда етти мингга яқин тил ва лаҳжалар бор. Уларнинг фақат икки юзга яқини Давлат тили мақомига эга. Ана шу тиллар орасида Ўзбек тили ҳам борлигидан ҳақли равишда фахрланамиз. 

Ўша етти минг тилнинг тўқсон фоизида юз минг ва ҳатто ундан ҳам камроқ одам сўзлашади. Йўқолиб бораётган тиллар ҳам оз эмас. Ўзбек тилида сўзлашадиганларнинг сони эса эллик миллионга яқин. Бу кўрсаткич ҳам кўнгилларимизга қувонч бағишлайди.

Она тилимиз бундан ўттиз тўрт йил аввал Давлат тили мақомини олди ва бу мустақиллик сари қўйилган дадил қадам бўлганлиги ҳақли равишда эътироф этилади. Шундан буён ўтган давр мобайнида тилимизни ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилди, ҳар йили 21 октябрни Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаб келамиз.

Сўнгги йилларда эса бу байрамни янада юқори кўтаринкилик ила нишонлаяпмиз. Чунки тилимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга эътибор янада кучайтирилди, муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбек тили байрамини нишонлаш бўйича қонун қабул қилинди. 

Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан ўзбек тилида нутқ сўзлаганлари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунёдаги ўзбек тилида сўзлашадиган аҳолининг кўнгилларини фахру ғурурга тўлдирди. 

Бу улкан ўзгаришларнинг аҳамиятини тўлақонли ҳис этиш учун унча узоқ бўлмаган ўтмишимизга бир қур назар ташлаш, тилимизга икки хил муносабатни таққослаш фойдадан ҳоли бўлмайди. 

Мустабид тузум даврида миллат руҳи, ғурури бўлмиш ўзбек тилининг мавқеи кўнгилдагидек эмасди. Талабалик йилларимиз институтда ўқув машғулотлари асосан рус тилида олиб бориларди. Қишлоқ мактабларидан келган болалар, кўпчилик рус тилини билмаслиги табиий ҳол эди. Чунки ўқувчилик йилларимизнинг катта қисми пахта далаларида ўтарди. 

Буни тушунган, билган кўпчилик ўқитувчиларимиз машғулот мазмунини аввал рус тилида ёздириб, ўзбек тилида қайта тушунтиришарди. Бу ҳол кейинроқ ўзим олий ўқув юртида ўқитувчи бўлиб қолганимдан кейин ҳам давом этди. Адабиётлар асосан рус тилида, дарсхонада ҳаммаси ўзбек болалари, ўқитувчи ўзбек, албатта рус тилида дарс ўтишимиз шарт эди. 

Ўша вақтларда ҳам айрим устозларимиз ўзбек тилида дарс ўтишга ҳаракат қилишар, лекин бу ҳол раҳбариятга унча хуш келавермас эди. Институтимизда агрономлар, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича инженерлар тайёрланар эди. Яхши эслайман, йиғилишлардан бирида бир ҳурматли профессор “инженерлик факультети битирувчилари бошқа республикаларга ҳам ишга юборилади, тушунарли, лекин эртага ўзимизнинг далаларда ишлайдиган агрономларга рус тилида дарс ўтишнинг нима кераги бор, ўзбек тилида ўтилса бўлади-ку” деганида, раҳбар дарров ўрнидан туриб “майли сиз ўзбекча ўтишингиз мумкин, рус тилини биладиган домлалар рус тилида ўтади” деб “оғзини ёпган”, бу билан ўзбек болаларига ўзбек тилида дарс ўтишни таклиф қилаётган устозни камситишга интилганди. Бу ўринда раҳбарни ҳам айбламоқчи эмасман, ўша даврнинг руҳияти, талаби шунақа эди. Ишга кирмоқчи бўлган фаррош ёки қоровул ҳам рус тилида ариза ёзиши ёки кимгадир илтимос қилиб ёздириши шарт эди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган дастлабки даврлардаги бир воқеа ҳам ҳеч эсимдан чиқмайди. Институт жамоасининг йиғилиши биринчи бор ўзбек тилида олиб борилди. Унгача барча йиғилишлар рус тилида олиб бориларди. Йиғилиш якунланаётганда раислик қилувчи иштирокчилардан фикр сўради. Бир ёши улуғ хўжалик ходими қўл кўтариб, “ҳар гал мажлисларга кирсак нима гап бўлганини билмай чиқиб кетардик, бугун қоронғи хонада қуёш чарақлаб чиққандай бўлди. Бўлар экан-ку ўзбек тилида гапирилса!” деди. Шунда ҳам йиғилишни олиб борган раҳбар “бундан буён тўла ўзбек тилида олиб борамиз мажлисларни” дея олмади, мужмалроқ қилиб “ҳа энди, жамоамизда турли миллат вакиллари бор-да” дея талмовсиради. Чунки ишонч йўқ, эртага орқага қайтиб қолинадими деган ҳадик бор эди. 

Шукрки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда миллий қадриятларимиз, она тилимиз, маънавий меросимизга эътибор кучайди, китобхонлик тарғиботи ва мутолаа маданиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 10 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.

Тилимизнинг дунё тиллари орасидаги ўрни ва нуфузи ҳақидаги маълумотлар ҳам кўнгилга қувонч бахш этади. Шундан ўзбекона айтганда “тилимиз узун”. Қирқта туркий тил орасида шу тилда гаплашадиганлар салмоғи бўйича ўзбек тили иккинчи ўринда туради. Дунёнинг қатор университетларида турли миллат вакиллари ўзбек тили ва адабиётини ўрганишяпти, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи ҳам тобора кенгаймоқда. Бу эса дунё ҳамжамияти орасида Ўзбекистонга, миллатимизга ва унинг улкан маънавий меросига, юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга дунё ҳамжамияти орасида қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.

Тилимизни ўрганиш, ундан фойдаланиш, тарғиб қилиш бўйича олиб  борилаётган ишларни таҳлил қилиб, бу хайрли ишга ҳисса қўшиш бўйича вазифаларни белгилаб олишимиз ва изчил амалга оширишимиз даркор. 

Ёшларимиз орасида тил ўрганиш кучайганлиги қувонарли ҳол. Бироқ бу ўзбек тилини унутиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Хорижий сўзларни аралаштириб сўзлашишга одатланиб қолган, ҳатто буни ўзича маданиятлилик белгиси деб қарайдиган кишиларни кўриб ачиниб кетасан. 

Фарзандларимиз тилимизни қадрлаши учун биз катталар – ота-оналар, устозлар намуна бўлишимиз керак.

Кўчалар, корхона ва муассасалардаги шиор ҳамда пешлавҳалардаги ёзувларда имло хатоларига йўл қўйиш, мулоқотларда бошқа тилларга мансуб сўзларни аралаштириб гапириш, фирма, дўкон, емакхоналарга ном беришда тилимиздан муносиб сўзларни излаш ўрнига кўпчиликка тушунарсиз бўлган хорижий сўзлар билан ифодалаш каби қусурлар ҳар қадамда учрайди. Айрим хусусий нашриётларда чоп этилган китобларда имло хатоларга йўл қўйилаётгани ҳам ачинарли ҳол. Ўзбек тилида иш юритиш кўникмалари ҳамма жойда талаб даражасида деб бўлмайди. Телеканалларда берилаётган рекламалардаги ғализликлар ҳам тилимизга бўлган эътиборсиз муносабатдан. 

Тил бойлигини оширишнинг, мулоқот маданиятини ривожлантиришнинг асосий йўли китоб мутолаасидир. Халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиётимиз тилимизнинг бебаҳо хазинасидир. Назаримда бадиий китобларни, айниқса, мумтоз адабиёт намуналарини ўқиш билан тилимиз янада бой ва жозибали бўлади, юрагимизда, онгу тафаккуримизда она тилимизга бўлган меҳр-муҳаббат туйғулари янада мустаҳкамланади. Абдулла Қодирий ёки Чўлпон асарларини ўқиш жараёнида бугун истеъмолда бўлмаган қанча сўзларимиз борлигига амин бўламиз. Ҳар қандай сўз ишлатилмаса аста секин унутилиб кетади. Бебаҳо бойлигимиз бўлган сўзларни йўқотиш билан тилимизнинг жозибаси ва тароватига путур етади. Сўз бойлигимиз ортиши билан муомала-мулоқотларимиз гўзаллашиб, сўзларни унутиш билан нутқимиз ғариблашиб боради. 

Хатосиз ёзиш кўникмасини шакллантиришга таъсир этадиган асосий омиллардан бири газета-журнал мутолааси эканлиги ҳам сир эмас. Афсуски, бугун нафақат адабий, балки барча босма нашрларнинг адади камайиб кетди. Адабий нашрларимиз ададини мамлакатимиздаги кутубхоналар сони ёки тил ва адабиёт ўқитувчиларининг сони билан таққосласангиз кўнгиллар ранжийди. Тилимиз софлиги ва ривожланиши тарғиботчиси бўлган адабиёт ўқитувчисининг янги адабий нашрлардан бехабар ҳолда ўқувчилар олдига кириши анча ноқулай ҳолат. Ижтимоий тармоқлардаги олди-қочди хабарлар оқими эса ўқувчиларни пала-партиш фикрлаш ва хатолар билан ёзилганларни бемалол беэътибор қабул қилишга ўргатяпти. 

Мулоқот кўникмаларини ривожлантириш сўз бойлигимизни оширади. Оилада, жамоада, жамоат жойларида сўзлашувда ибрат бўлмоғимиз керак. Бироқ, бугунги глобаллашув даврида ота-она ва фарзанд ўртасида, умуман оила аъзолари даврасида ҳам мулоқот камайиб бораётгандек. Бир вақтлар ҳазиллашиб “фақат керакли гапларни гаплашсак сўз бойлигимиз камайиб кетмасмикин”, деб ёзиб қўйгандим. Чиндан ҳам, беҳуда валақлашларимиз кўп, оғзаки нутқимизда сўзларни танлаб ишлатишга кўпинча етарли эътибор бермаймиз. Ҳатто осонгина ёдга келадиган бошқа тилдаги сўзни ишлатиш ҳам одатдаги ҳолга айланиб қолаётгандай. Пала-партиш сўзлаган одамнинг фикрлаши ҳам кўнгилдагидай бўлмаслиги бор гап. 

Бебаҳо маънавий қадриятимиз бўлган она тилимизни авайлаб-асраш, ривожлантириш, тарғиб қилиш, келажак авлодларга бойитилган, жозиба ва тароватини сақлаган ҳолда етказиш олдимизда турган муҳим вазифадир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.

Миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги бўлган она тилимизни ривожлантириш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар келажакда миллий маънавиятимизни юксалтириш, жамиятимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтириш, ёш авлодни она тилига муҳаббат руҳида тарбиялашда мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Ҳабиб Сиддиқ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тил – миллат руҳи