Тил – миллат борлигини кўрсатувчи ойна
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг талабалари ҳам Ўзбек тили байрамига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрди.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳар бир талаба ўзи тайёрлаган шеър, бадиий лавҳа билан буни намойиш этди.

–Жорий ўқув йилидан бошлаб университетимизда Ўзбек тили ва адабиёти факультетининг қайта тиклангани она тилимиз ривожи йўлидаги амалий ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди, – деди мазкур университет Ўзбек тили ва адабиёти факультети доценти, тилшунос олима Мубора Омонова. – Университетимиз томонидан Адиблар хиёбонида қад ростлаган Абдулла Авлоний ҳайкали пойида турли маърифий анжуманлар, адабиёт бўйича очиқ дарслар ўтказиш яхши анъанага айланган. Талабаларимиз маърифатпарвар бобомизнинг ҳаёти, фаолияти, ижодини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Авлонийнинг "Ҳар бир миллатнинг дунёга борлиғини кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллий руҳни йўқотмакдир", деган сўзларининг маъно-мазмунини ёшларга батафсил тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Маърифий тадбирда жадид боболаримизнинг она тилимизни асраш борасидаги фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА