Дунё халқлари ва миллатларининг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу уларнинг миллий тили ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир тилнинг сақланиши ҳамда ёш авлодга етказилиши, халқ тараққиёти ва унинг келажагини белгилайди. Биргина тил кўплаб халқларни ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди, уни авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди.
Дарҳақиқат, тил – миллат кўзгуси. У ҳар бир миллатнинг қадрли бойлиги, маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди. 2020 йил 10 апрелда эса Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши қувонарли ҳол бўлди. Мазкур қонун билан ҳар йили 21 октябрь – Ўзбек тили байрами сифатида нишонланиши белгиланди.

Чиндан ҳам ўзбек тилини ривожлантириш, эъзозлаш, халқаро нуфузини янада ошириш борасида тарихий ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу каби эзгу саъй-ҳаракатларда фаоллик кўрсатиш, давлат тилига куйинчаклик билан муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.

Мамлакатимизда ҳар йили Ўзбек тили байрами куни муносабати билан турли байрам тадбирлари, маънавий-маърифий учрашувлар, илмий-амалий анжуманлар, соҳа мутахассислари билан давра суҳбатлари ташкил этилади. Мазкур сана кенг миқёсда нишонланади.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам сана муносабати билан “Тил бор экан – миллат барҳаёт” мавзусида маънавий-маърифий байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комиловнинг табригини Академия проректори Иргаш Даминов ўқиб эшиттирди.
Табрикда она тилимиз нуфузи ва мавқеи йилдан йилга ошиб бораётгани, унинг янада тараққий этиши, халқаро майдонларда баралла янграши учун юртимизда олиб борилаётган амалий ишларга тўхталиб ўтилган. Миллат кўзгусига бўлган чуқур эҳтиром ҳар бир кишининг кундалик турмуш тарзида ҳам намоён бўлиши зарурлиги яна бир бор таъкидланди.
Тадбирда ўзбек тилининг бой тарихи, хусусан, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний каби буюк бобокалонларимизнинг она тилимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.
Тантанали маросимда тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолишига эътибор қаратилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам давлат тилида иш юритилишини таъминлаш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси бакалавр ва магистрлари учун таъсис этилган Маҳмудхўжа Беҳбудий махсус стипендияси 2025 йилги танлови ғолибларига гувоҳнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Академия талабалар театр студияси томонидан ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” асари асосида саҳналаштирилган “Миллат фидойилари” номли спектакль йиғилганларга ҳавола этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА