Бугунги ахборот асри ва рақамлашиб бораётган замонавий дунёда ахборот ва маълумотлар олиш имкониятлари кун сайин кенгаймоқда. Дунёнинг бир бурчагидан туриб унинг бошқа бир бурчагига кўз очиб юмгунча ахборот узатиш ёки ахборот олишимиз мумкин. Қолаверса, Интернет ва медиа маҳсулотларининг, контентларнинг кўпайиб бораётгани ҳам инсониятни ахборот, турли маълумот ва билимларни эгаллашига хизмат қилади.
Аммо бугунги даврнинг бу каби имкониятларидан фойдалана олишнинг муҳим бир талаби ҳам борки, усиз имконсиз бўлиб қоламиз. Бу ҳам бўлса тил билишдир. Бир пайтнинг ўзида бир нечта тилларни билиш — унинг воситасида янада кенгроқ маълумот ва билимларга эга бўлишга шароит яратади.
Дарҳақиқат, тил билган эл билади, деган мақол бежиз айтилмаган. Янги тилни ўрганиш янги маданиятни ўрганиш, янги имкониятлар эшигини очиш демакдир. Дунёда тарих, адабиёт, санъат, технология, илм-фаннинг аксарият китоблари, фильмлари, мусиқалари, бадиий асарлари ва илмий тажрибалари турли тилларда намоён бўлади. Уларни ўқиш, уқиш ва англаш учун эса, албатта, тил билмоқлик ҳал қилувчи ўрин тутади.
Таъкидлаш жоизки, тил ўрганиш мулоқот имкониятларини кенгайтиради, шунинг баробарида мия қувватини оширади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бир нечта тилда сўзлашадиган одамлар фақат битта тилда гапирадиган одамларга қараганда кенг дунёқарашли, яхшироқ хотира, муаммоларни ҳал қилиш ва ечим топиш, диққат-эътиборни жамлаш ва креативлик қобилиятига эга бўлар экан.
Инсон қанча кўп тил билса, тилларни мукаммал эгалласа, турли тиллардаги китоб ва манбалар қатларида сақланиб келаётган бой ва қимматли маълумотларни шунча кўпроқ ўқиш имконига эга бўлади. Бир тилли инсон битта илмий, бадиий, тарихий манбага эга бўлса, 2-3 тилли инсон эса ўнта манбадан озиқланиш имкониятига сазовордир. Шундай экан, хорижий тилларни ўрганишга қунт билан ёндашиш лозим бўлади.
Бугунги кунда юртимизда бир нечта хорижий тилларни пухта эгаллаб, турли соҳалардаги халқаро тажрибаларни ўрганаётган, амалиётга татбиқ этаётган, қатор ютуқларга эришаётган юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз сафи кўп. Аслида уларнинг ютуқлари ортидаги ютуғи ҳам хорижий тилларни пухта эгаллаганидир. Икки ва ундан ортиқ тилда сўзлаша оладиган, ўзга тилларда билимларни ўзлаштира биладиган кадрларимиз сонининг йил сайин кўпайиб бораётгани қувонарли, албатта.
Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан мақсад олдимизга қўйилган экан, бунга эришишда замонавий билимларни эгаллаш имкониятини берувчи кўптиллилик муҳим аҳамият касб этади. Юртимизнинг барча ҳудудида, таълим-тарбия муассасаларида хорижий тилларни ўрганиш учун шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Таълим масканларида хорижий тил ўқитувчилари учун қўшимча устамалар белгиланган.
Таълим тизимидаги бу ислоҳотлар келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг она тилимиз билан бир қаторда хорижий тилларни пухта ўрганиш ва илм-фанда кенг имкониятларга эга бўлишларига хизмат қилади.
Дилсўз Зойирова,
ТДЮУ Хорижий тиллар кафедраси доцент в.б.
ЎзА