Доно халқимизда "Тил билган – эл билади" деган пурмаъно мақол бор. Дарҳақиқат, бошқа халқлар тилини ўрганмоқ, уларнинг дилига йўл топмоқдир.

Бугун техника асри, глобаллашув даврида яшар эканмиз, замон инсонларнинг тараққиёт билан ҳамнафас, ҳамқадам одимлашини тақозо қилмоқда. Тошкент давлат иқтисодиёт университети, хорижий тиллар кафедраси мудири Шаҳодат Раҳимова мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Муқобил таълим тизимлари пайдо бўлгани сайин, жамиятда мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда. – Бундан ташқари, касбий компетентлик ҳақида гап кетар экан, бу талаб келажак авлод тарбиясига масъул бўлган ўқитувчилар учун икки баравар аҳамият касб этади.
Ўз-ўзини ривожлантириш ва такомиллаштириш маҳорати, малака ошириш учун барча имконият ва манбалардан фойдаланиш қобилияти келажак ўқитувчиларининг энг муҳим касбий компетентликлари деб ҳисобланиши мумкин. Бу ўз тажрибаларини ва ўқитувчилар жамоасининг ютуқларини таҳлил қилиш, фикр алмашиш, муайян муассаса олдига қўйилган таълим мақсадларига мос келадиган қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш маҳоратини ҳам ўз ичига олади. Тил ўрганиш ва ўқитиш борасида дунёнинг етук олимлари тажрибасида самарали натижа бериб келаётган ўқитиш методикалари, шунингдек, хорижий тилларни ўқитиш соҳасида «боғча-мактаб-олий таълим ташкилоти-корхона» тамойилидаги узлуксиз таълим занжирини жорий этиш, аҳолининг барча қатламларига мос бўлган тилни ўрганиш бўйича услубиёт ва тавсияларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш сингари кўплаб салмоқли ишлар бажариб келинмоқда.
Таъкидлашни истардимки, мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишни оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш ва соҳани ривожлантириш учун тизимли ишларни ташкил этиш, улғайиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиш мақсадида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ташкил этилиши, соҳа мутахассисларига бир қатор имкониятлар ва қулайликлар яратиш билан бир қаторда, катта масъулият ҳам юклайди, – дейди Шаҳодат Раҳимова.

– Президентимизнинг 2021 йил, 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ташкил этилиши биз мутахассислар учун катта имконият эшикларини очди. Буни мамлакатимизда инглиз тилини ўрганишни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим бир қадам деб биламан, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети, хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаббат Тошмуродова. – Агентлик томонидан олис ҳудудларда жойлашган ёки хорижий тилларни ўқитиш бўйича кўрсаткичи паст бўлган таълим ташкилотлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича республикада фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий ҳамкорлар вакилларидан иборат мобил гуруҳлар шакллантирилди. Мазкур мобил гуруҳлар томонидан «каскад» тамойили асосида ҳудудларда хорижий тилларни ўқитиш ва оммалаштириш бўйича тренерлар тайёрланмоқда ҳамда уларнинг ҳудуддаги чет тиллари ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича фаолияти ташкил этилди. Республикамиздаги 207 нафар умумий ўрта таълим мактабларининг хорижий тилларга ихтисослаштирилиши муносабати билан айни мактабларда хорижий тилларни ўқитишни тубдан ислоҳ этиш ва такомиллаштириш, шу билан бирга республикамиз олий таълим муассасалари қошида хорижий тилларни янада чуқурроқ ўрганиш учун ўқув марказлари ташкил этилди.
Агентлик қисқа муддат ичида узлуксиз таълим тизимининг бош бўғинлари саналган вазирликлар, чет тили ўқитишнинг турли соҳаларида фаолият юритиб келаётган кўплаб хорижий ва маҳаллий ташкилотлар ҳамда давлат ва нодавлат таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, катта-катта лойиҳалар устида ишлашга муваффақ бўлмоқда.
Жумладан, Британия Кенгаши, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Гёте институти, Япония ва Корея халқаро ҳамкорлик агентликлари, At Tanal Al Arabi араб тилини ўқитиш ва тест тизимини ўз ичига олган ташкилот, Истанбул Айдин университети, шунингдек, хорижий нашриётлар билан алоқа ўрнатилиб, ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
ЎзА