Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш юқори ҳосилдорлик гарови ҳисобланади. Шу жиҳатдан қараганда қишлоқ хўжалиги майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш самарадорликни янада яхшилайди. Ер майдонларида ўз вақтида суғориш ишларини ташкил этиш эса, албатта, соҳа вакиллари олдига янада катта масъулият ва вазифалар юклайди.
Бу борада Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тик қудуқлардан самарали фойдаланиш тизимли йўлга қўйилган.

Айни пайтда бошқарма ҳисобидаги суғориш қудуқлари сони 473 тани ташкил этиб, уларнинг 232 таси суғориш, 154 таси мелиоратив ҳамда 87 таси яйловларда чорва моллари сув таъминотига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда ер ости тик қудуқларидан самарали фойдаланиш мақсадида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ҳолда эксплуатация ишлари амалга оширилмоқда.

– Ҳозир Хатирчи туманида 82 дона суғориш қудуғида 58 дона сув тежовчи қурилма жорий қилинган бўлиб, уларнинг 12 донаси томчилатиб суғориш ҳамда 46 донаси эгилувчан қувурларни ташкил этади. Айни пайтда 24 дона эгилувчан қувурга сув истеъмолчилари билан шартномалар имзоланди, – дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Жасуржон Назаров. – Нурота туманида эса 103 дона суғориш қудуғига 70 дона эгилувчан қувур олиб келиниб, 33 дона эгилувчан қувурга сув истеъмолчилари билан шартнома тузилди. Қизилтепа туманидаги 22 дона суғориш қудуғида 22 дона, Навбаҳор туманидаги 25 дона суғориш тик қудуғидан 21 донасида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлиб, улардан томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришда кенг фойдаланиб келинмоқда. Вилоят бўйича 232 дона суғориш қудуғига 171 дона сув тежовчи технология татбиқ этилди.
Бундан ташқари, бошқарма балансидаги маънан ва физик жиҳатдан эскирган 39 дона ер ости тик қудуғи реконструкция қилинди.

Шунингдек, бошқарма томонидан 2024-2025 йиллар давомида яна шундай ер ости тик қудуқларидан 30 донасини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Жорий йилда бошқарма балансидаги 140 дона тик қудуқни тубдан ҳамда жорий таъмирлаш, 50 дона янги замонавий типдаги насос олиш белгиланган бўлиб, бу эса ўз навбатида электр энергиясини иқтисод қилиш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларига самарали сув етказиб беришни таъминлайди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири