Тиббиётга 2 миллиард доллар: вазирлик ижро ва натижа талаб қилди
Бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида жиддий ўзгаришлар палласи кетмоқда. Соҳа олдида тизимни замонавий талабларга мослаштириш вазифаси турибди. Жорий йилнинг 27 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашуви бу борада асосий йўналишларни белгилаб берди.
Келгуси йилда тиббиётга 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва грант жалб этиш кўзланган. Бу маблағлар ҳудудлардаги шифохона ва поликлиникаларнинг шароитини янгилашга йўналтирилади. Аммо маблағнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир ҳудуд раҳбари аниқ лойиҳа таклиф қилиши шарт. Шу билан бирга, чет элда ишлаётган малакали ватандош шифокорларни юртимизга қайтариш ҳам долзарб вазифага айланган. Чунки хорижий тажриба ва янги даволаш усуллари маҳаллий тиббиётга тезроқ кириб келади.
Тизимда юқори технологияли ёрдамни кенгайтириш ҳам диққат марказида турибди. Мамлакатдаги 26 та ихтисослаштирилган марказ ишини янгича тартибда йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу марказлар раҳбарларининг масъулияти оширилади. Илмий изланишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратилади. Яна бир муҳим ташаббус 2027-2033 йилларга мўлжалланган Ядро ва радиацион тиббиётни ривожлантириш стратегияси билан боғлиқ. Ушбу ҳужжат амалга ошгач, одамлар мураккаб ташхис ва даволашда ядро тиббиёти имкониятларидан кенгроқ фойдалана олади.
Аҳолига энг яқин тузилма бирламчи тиббий-санитария бўғинидир. Бу йўналишда янги модель жорий этилмоқда. Ходимларнинг иш шароитини яхшилаш, жумладан, уларни махсус кийим билан таъминлаш масаласи ҳам кўрилмоқда. Бироқ, жойлардаги ҳолат таҳлил қилинганда, қатор муаммолар борлиги ойдинлашган.
Хусусан, инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ижросида оқсоқлик кузатилган. Айниқса, тезкор ва шошилинч ёрдам кўрсатишда камчиликлар бор. Бундан ташқари, кам учрайдиган, яъни орфан касалликларга чалинган беморларни дори билан таъминлашда ҳам узилишлар сезилган. Дорига бўлган аниқ эҳтиёжни ҳисоблаш ва етказиш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаган. Шунингдек, оналик ва болаликни асраш борасида ҳам айрим ҳудудлардаги кўрсаткичлар қониқарли эмас.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ҳайъат йиғилишида ушбу камчиликлар очиқ танқид қилинди. Ишида камчиликка йўл қўйган айрим раҳбарларга интизомий чора кўрилди. Вазир Элдор Адилов таъкидлаганидек, ҳар бир вазифанинг аниқ режаси ва амалий натижаси бўлиши керак. Ижро сифати ва муддати учун ҳар бир раҳбар ўзи жавоб беради.
Муаммоларни камайтириш ва очиқликни таъминлаш учун рақамли ечимлар кенг қўлланмоқда. Соҳани рақамлаштириш ва DMED тизимини ривожлантириш орқали ортиқча қоғозбозликка барҳам берилади. Давлат тиббий суғуртаси эса бюджет маблағларини мақсадли ишлатишга ёрдам беради. Шу билан бирга, коррупцияга йўл қўймаслик, санитария-эпидемиология текширувларини тўғри ташкил этиш ва мавжуд тиббий жиҳозларни бекор ётқизмасдан ишлатиш муҳим. Энг муҳими, шифокор ва ходимларнинг беморлар билан хушмуомала бўлиши ҳамда одамларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш асосий талаб бўлиб қолмоқда.
Пировардида, тиббиётда фақат режа ёзиш билан чекланиб бўлмайди. Ҳар бир қарор ортида аниқ ижро ва сезиларли натижа туриши лозим. Катта маблағлар ва янги дастурлар қачонки жойлардаги раҳбарлар виждонан ишласагина ўз самарасини беради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА