Тиббиётдаги халқаро тажрибалар
Наманган шаҳридаги “Маърифат” масканида вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали томонидан “XXI аср тиббиёт бошқарувида менежмент: сифат, андозалар, бемор” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур семинар-тренингда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва шаҳар, туманлар тиббиёт бирлашмаларининг раҳбарлари, соғлиқни сақлаш мутахассислари иштирок этди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кейинги вақтда сифат жиҳатидан юксалаётгани, тизимда жаҳон тажрибасини қўллаш кўлами кенгайиб бораётганлиги, бунинг замирида “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” тамойили тўлақонли акс этаётганлигини таъкидлади.

Анжуманда Халқаро инновацион консалтинг компанияси раҳбари Евгений Князов, Жаҳон банки эксперти, Россия Федерацияси ва Сербиядаги халқаро консалтинг компанияси лойиҳалари бўйича директори Родомир Бошкович каби таниқли мутахассисларнинг чиқишларида соғлиқни сақлаш ташкилотларининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасидаги илғор тажрибалар ўртоқлашилди.


– Кейинги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар олиб борилаётганини эътироф этиш жоиз. Айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар ва ўзгаришлар бошқарувда менежментлик кўникмасини талаб этмоқда. Шу боисдан биз ҳамкорликда ҳозир даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларини билим-тажрибасини бойитяпмиз. Бундан мақсад, аҳоли сони тобора ўсиб бораётган мамлакат учун тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, уни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишдир, – дейди халқаро эксперт Евгений Князов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.