Тиббиётдаги камчиликлар муҳокама қилинди
Самарқанд вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори воситалари савдосини тартибга солиш ва соҳа ходимлари масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, тиббиёт соҳаси масъуллари иштирок этган йиғилишда вилоят ҳокими Э.Турдимов бундан икки ой олдин ўтказилган ушбу масала танқидий муҳокамасидан сўнг нималар ўзгаргани, қайд этилган камчиликлардан мутасаддилар қандай хулоса чиқарганига эътибор қаратди.
– Муҳокама давомида қайд этилган камчиликларни тузатиш, тиббиёт муассасаларидаги асл ҳолатни аниқлаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш, фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузилган эди, – деди вилоят ҳокими. – Тегишли телеграм гуруҳда кундалик маълумотлар йиғиб борилиши белгиланганди. Вилоят ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг январь ойида телеграм гуруҳига 648 та маълумот юкланган бўлиб, уларнинг деярли 60 фоизи реал муаммоларни акс эттирган бўлса, қолганлари шунчаки номига жойлаштирилган маълумотлар холос. Самарқанд шаҳри ва Нуробод туманидаги айрим тиббиёт муассасаларида белгиланган вазифаларни бажаришда ишчи гуруҳ масъулиятсизликка йўл қўйган, бирорта ҳам муаммо аниқламаган. Ҳудудлар бўйича таҳлилар шуни кўрсатмоқдаки, ҳанузгача халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида жиддий ва, энг ачинарлиси, одамларни норози қиладиган камчиликлар бор.
Шунингдек 10 тадан 15 гача дори воситаларини белгиланган рецепт бланкаларида ёзмаётган тиббиёт ходимлари учрамоқда.
Муҳокама давомида Эркинжон Турдимов вилоятдаги дорихоналар масъуллари ва шифокорларга Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган меъёрлар асосида фаолият кўрсатиши зарурлигини эслатди. Белгиланган тартибга риоя қилмаганлар фаолиятига тегишли органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши айтилди.
Муҳокама жараёнида аниқ мисоллар ёрдамида тиббиёт муассасаларида беморлар учун зарур шарт-шароит яратилмагани, нотўғри даволаш усуллари билан боғлиқ муаммолар қайд этилди. Жумладан, Ургут тиббиёт бирлашмасида беморлар лаборатория, компьютер томографияси текширувлари учун хусусий секторга юборилаётгани айтилди. Ваҳоланки бу турдаги жиҳозлар ва хизматлар туман тиббиёт бирлашмасида ҳам мавжуд.
Шунингдек, йиғилишда тиббиёт тизимидаги коррупцион ҳолатлар, таниш-билишчилик давом этаётганлиги таъкидланди. Биргина Каттақўрғон туманида 304 та ўрта тиббиёт ходими 0,5 ставкада фаолият олиб бораётган бир пайтда тиббиёт бирлашмаси томонидан яна 66 нафар ўрта тиббиёт ходими ишга қабул қилинган.
Пастдарғом туманида ҳам мавжуд ходимларни тўлиқ иш ставка билан таъминлаш ўрнига 76 нафар ходим ярим ставкада ишга олинган.
Муҳокама давомида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ муддат билан масъуллар олдига вазифалар қўйилди. Ушбу масала яна бир ойдан сўнг муҳокама этилиши белгиланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири