Тиббиётда туб ислоҳотлар бошланди
Навоий вилояти Хатирчи туманида “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларини жорий қилиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг самарали чораларини белгилаш” мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди.
Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 12 ноябрь куни имзолаган “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Семинарда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, оилавий поликлиникалар бош шифокорлари, оилавий шифокорлик пунктлари врачлари, тиббиёт муассасалари бош ҳамширалари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва тизимнинг янгича моделини яратиш, шунингдек, аҳолининг саломатлигини сақлаш, профилактика, патронаж ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган фармон ва қарорлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Фармонга кўра, Навоий вилоятида Навоий шаҳри ва Хатирчи туманида янги тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий қилинади.
– Семинарда фармонга кўра, аҳоли уларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга бўлиниши, аҳоли гуруҳ мансублигига кўра белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтказилиши ва саломатлиги даврий кузатувга олиниш ҳақида сўз юритилиб, тушунчалар берилди, – дейди Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фазлиддин Усмонов.
– Шунингдек, иштирокчиларга мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олиниши ҳамда уйига борган ҳолда уларга тиббий хизмат кўрсатилиши ва индивидуал патронаж амалга оширилиши, профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий тиббий скрининг текширувлари ўтказилиши тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирда таъкидланганидек, эндиликда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма бевосита оилавий шифокор томонидан берилади, оилавий шифокорга ёрдам берадиган терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган «тиббиёт бригадалари» ташкил қилиниб, улар ўзларига бириктирилган ҳудудларда оилалар ва фуқаролар кесимида «тиббий харита»ни шакллантиради.
Семинар иштирокчилари туман марказий поликлиникаси, 28-оилавий поликлиника ҳамда “Боғчакалон” маҳалласида жойлашган оилавий шифокорлик пунктларида бўлиб, ислоҳотларнинг амалиётдаги ижроси билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, бу борадаги янгиликларни ўз фаолиятларига жорий этиш бўйича керакли билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
Семинар сўнгида вилоят тиббиёт тизимида жорий йил охирига қадар амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар келишиб олинди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА