Тиббиёт ходимларига тавсиялар берилди
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини ўрганиш, Олий Мажлисга йўлланган Президент Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ва соҳа ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоятимизга келди, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.
Вазир ўринбосари Марғилон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникага ташриф буюриб, патронаж ҳамширалари ва мутахассислар билан суҳбат ўтказди. Муассасада ташкил этилган хатлов штабида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилди. Ҳудуддаги бир неча фуқароларнинг хонадонига бориб, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тўғрисида маълумот олди ва тиббий маслаҳатлар берди. Шунингдек, Марғилон шаҳридаги “Аёллар маслаҳатхонаси” ва 2-оилавий поликлиникадаги “Саломатлик мактаблари” иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бундан ташқари, вазир ўринбосари Фарғона шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиникада бўлди. Ҳудуддаги бир неча хонадонларга кириб, фуқаролар билан тиббий хизмат ҳақида юзма-юз мулоқот қилди. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиника ҳамда Риштон туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар фалиятини ўрганиб чиқди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига бориб, муассаса фаолиятини кўздан кечирди.
Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали мажлислар залида семинар машғулотлари ташкил этилди.
Семинарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид фармон ва қарорлари, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинди. Хатлов ва антропометрия жараёнларини сифат жиҳатидан янада яхшилаш бўйича амалий ва услубий тавсиялар берилди.
ЎзА