Тиббиёт ходимлари куни нишонланди
Жиззах вилояти ҳокимлиги анжуманлар саройида тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш муассасаларида аҳоли саломатлигини сақлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлида фидойилик кўрсатаётган соҳа жонкуярлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этиб, бугунги кунда Президентимиз томонидан мамлакатимизда замонавий тиббиётнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, шу билан бирга шифокорларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.

Байрам муносабати билан соҳада фаолият юритаётган кўплаб фидойилар давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан юксак мукофотларга сазовор бўлди. Жумладан, вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бокс-бруцеллёз бўлими мудири Ҳамида Бобокелдиева II даражали “Cаломатлик” ордени, Зомин туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат-уйи ҳамшираси Адолат Мўминова “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани барча соҳа вакилларига қувонч улашди. Мукофотларни вилоят ҳокими Эргаш Салиев тантанали равишда ўз эгаларига топширди.

Шунингдек, байрам муносабати билан соғлиқни сақлаш вазири буйруғига асосан бир гуруҳ тиббиёт ходимларига “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ҳам топширилди. Бундан ташқари, иш фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Уларга мукофотларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Маҳмудова топширди.
Республикамиз пойтахтидан келган санъаткорлар ва вилоятнинг иқтидорли ёшлари томонидан намойиш этилган байрам концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири