Қибрай туманидаги “Қибрай” сиҳатгоҳида “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилоятида тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган соҳа ходимлари, тажрибали шифокорлар, тизим масъуллари, фахрийлар иштирок этди.
Тадбир очилишида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, барча тиббиёт ходимларини табриклади. Қайд этиш лозимки, кейинги йилларда тиббиёт соҳасида туб ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Аҳолига бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида, жорий йилда 2 та оилавий поликлиника ва 8 та оилавий шифокорлик пункти ишга туширилди.


Натижада бирламчи тиббиёт муассасалари сони 163 тадан 200 тага кўпайди. Яна бир жиҳат, Республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудий филиаллари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди, тизимга малакали мутахассислар жалб этилди.
Жорий йил бошида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида шифокорларга бўлган эҳтиёж 1 минг 41 штат бирлигини ташкил қилган. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли зарур номзод шифокорлар 312,75 штат бирлигига ишга қабул қилиниб, вилоятдаги тиббиёт муассасаларига жалб этилди.


Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги тегишли қарори билан Тошкент вилоятида 34 та маҳалладаги олис ва чекка ҳудудларда 34 нафар шифокор меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Яратилган имкониятлар эвазига олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тор соҳа мутахассисларига бўлган талаб юқорилиги, мавжуд вакант ўринларини тўлдириш мақсадида 2024-2025 ўқув йили учун клиник ординатура қабулига қўшимча квота ажратилди. Бу борада вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси кадрларни тайёрлаш ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш тўғрисида уч томонлама шартномаларни имзолашга эришилди.

Тантанали байрам тадбири давомида аҳоли саломатлиги йўлида самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимларига давлат мукофотлари, шунингдек, фахрий ёрлиқ ва совғалар тантанали топширилди.
А.Мусаев, ЎзА.