Ўзбекистон вирусли гепатит бўйича эндемик мамлакатлар тоифасига киритилган. 2018 йилдан бошлаб юртимизда гепатит B ва C скринингини ташкил этиш ва вирусга қарши терапиядан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, 2022 йил 16 майда қабул қилинган “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори асосида 2030 йилгача мамлакатимизда гепатитнинг C турини бартараф этиш ва B турини камайтириш кўзда тутилган. Бу ЖССТ томонидан белгиланган глобал мақсадларга тўлиқ мосдир.
Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида “Гемодиализ ва гемотрансфузия олаётган беморлар орасида парентерал вирусли гепатитларни ташхислаш ва даволаш” мавзусидаги илмий-амалий ўқув семинарда шу ҳақда сўз борди.
Семинарда ушбу хасталикни аниқлаш ва даволаш билан шуғулланувчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, юқумли касалликлар шифохоналари мутахассислари, тиббиёт олий ўқув юртларининг тегишли кафедралари ходимлари иштирок этмоқда.
Гемодиализ ва гемотрансфузия муолажаларини олаётган беморлар орасида парентерал гепатитларни эрта аниқлаш, даволаш ва ташхислаш дастурини самарали амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув семинари якунида қатнашчиларга тегишли сертификатлар топширилиши режалаштирилган.
***
Соғлиқни сақлаш вазирлигида пойтахтимиз мезбонлик қилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида қатнашиш учун юртимизга ташриф буюрган Япония Парламенти Вакиллар (қуйи) палатаси аъзоси Сэки Ёсихиро бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шарипов томонидан таъкидланганидек, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар барча йўналишларда изчил кенгайиб бормоқда. Хусусан, тиббиёт соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келиняпти.
Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган трансформация жараёнлари ва уларнинг натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, меҳмонлар Япония тиббиётидаги янгиланишлар ва қўлга киритилаётган ютуқлар хусусида тўхталиб ўтди.
Мулоқот давомида мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
***
Аввал хабар берилганидек, 2025 йил 1 январдан бошлаб, фармацевтика маҳсулотларининг постмаркетинг назорати амалиётга жорий этилган бўлиб, жорий йилнинг I чораги давомида умумий ҳисобда 2 та режали ва 4 та режадан ташқари (мурожаатлар асосида) постмаркетинг назорати ўтказилди.
Бунда 38 та дорихонадан 86 та турдаги 572 қадоқ фармацевтика маҳсулотлари харид қилинди ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Синов баённомалари ва тегишли ҳужжатлар таҳлил қилинганда харид қилинган фармацевтика маҳсулотларидан 83 та тури тегишли норматив ҳужжат талабларига мувофиқлиги ҳамда 3 та тури тегишли норматив ҳужжат талабларига номувофиқлиги аниқланди.
***
Фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг масъуллари иштирок этди.
Мулоқот чоғида “ATM SANITA PHARMA” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатини узайтириш мақсадида тақдим этилган 21 номдаги дори воситаси ҳамда “ZAMIN AZIYA FARM” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 1 номдаги дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳномани расмийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва саволларга масъул мутахассислар томонидан ҳуқуқий ва техник жиҳатдан асосланган тушунтиришлар берилди.
***
Бангкок шаҳрида Халқаро диабетологлар федерациясининг 75-йиллик юбилей конгресси бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли илмий анжуманда дунё бўйлаб етакчи эндокринологлар, диабетологлар ва соғлиқни сақлаш мутахассислари иштирок этмоқда.
Жумладан, Миллий тиббиёт маркази Эндокринология бўлими мудири Сарвар Дадаев, кафедра доценти Дилором Урунбаева ва эндокринолог Ҳасан Шавкатхўжаев ҳам конгрессда ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
Конгрессда қандли диабетнинг замонавий ташхиси ва даволаш усуллари, касаллик асоратларини эрта босқичда ноинвазив усуллар билан аниқлаш, ҳомиладорлик даврида диабетни бошқариш стратегиялари, “Диабет ва Рамазон“ мавзусидаги тадқиқотлар ва қандли диабет билан боғлиқ ўткир ҳолатларнинг самарали бошқарилиши каби долзарб мавзулар муҳокама қилинмоқда.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери резиденти – “Serene Pharma” раҳбари ҳамда Ҳиндистоннинг “BioGenomics Limited” компаниясининг бош ижрочи директори ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг биотехнологик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш салоҳияти, бу борада давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экспорт имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида компаниялар вакиллари томонидан бозордаги ўсиб бораётган талаб асосида таклифларни шакллантириш ҳамда шу асосда экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқиш ишларини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА