Тиббиёт соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳамшираларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Жумладан, бир неча йилдан буён анъанавий тарзда “Ҳамшира -2025” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ўрта тиббиёт ходимларини рағбатлантиришдан ташқари, илғор тажриба ва билимларни кенг оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
Бугун танловнинг Тошкент шаҳар босқичи юқори савияда бўлиб ўтди. Бир нечта шарт асосида баҳслашган ҳамширалар ўзларининг билим ва маҳоратини намойиш этиш имконига эга бўлди.
Якунда ғолиблар номи эълон қилинди. Унга кўра, биринчи ўринни Учтепа тумани марказий кўп тармоқли поликлиникасининг амалиёт ҳамшираси Сарвиноз Очилова қўлга киритди. Иккинчи ўринга Янгиҳаёт туманидаги 66-оилавий поликлиника амалиёт ҳамшираси Сонагул Ражабова лойиқ кўрилди. Учинчи ўрин эса Олмазор туманидаги 21-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Розия Одиловага насиб этди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Биринчи ўрин соҳибалари танловнинг шу йилнинг май ойида Халқаро ҳамширалар куни арафасида бўлиб ўтадиган республика босқичида қатнашади.
***
Дунё рейтингида ТОП-5 таликка кирадиган Стэнфорд университети профессори Жеймс Чанг Тошкент тиббиёт академиясида бўлди.
Ташриф доирасида пластик жарроҳлик бўйича магистрларни тайёрлаш, Стэнфорд университети илмий лойиҳаларига ўзбек талабаларини кенг жалб қилиш ва бошқа қатор масалалар бўйича келишиб олинди.
Меҳмон академиянинг замонавий инновацион ўқув биноси, бу ердаги рақамлаштириш жараёни ҳамда симуляцион марказдаги имкониятлар билан танишди. Талабалар иштирокида ўтказилган учрашувларда профессор ўзининг бой шифокорлик тажрибаси ҳамда юқори даражадаги жарроҳ бўлиш сирлари ҳақида ҳикоя қилиб берди. Шунингдек, олим академиянинг клиник ўқув базасида ташкил этилган маҳорат дарсларида иштирок этди.
Жеймс Чангга Тошкент тиббиёт академиясининг “Фахрий профессори” унвони топширилди.
***
Эндиликда, Миллий тиббиёт марказида сунъий интеллект билан жиҳозланган “Navilas 577 nm” роботлаштирилган лазер тизими ёрдамида кўз касалликлари оғриқсиз, хавфсиз ва юқори аниқликда даволанади.
Бу инновацион технология қуйидаги афзалликлари билан ажралиб туради. Контакт бўлмаган (ноинъвазив) усулда ишлайди – бемор кўзига тегмасдан даволаш имконини беради. Оғриқсиз ва тезкор даволаш – лазер нурлари фақат зарарланган соҳаларга таъсир қилади. Сунъий интеллект асосидаги аниқлик – шифокор аралашувисиз лазернинг ўзи зарур нуқталарни аниқлайди. Диабетик ретинопатия, макулодистрофия, ретина томир касалликлари каби касалликларни самарали даволаш имконини беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги тизим орқали беморлар нафақат оғриқсиз даволанади, балки тикланиш муддати ҳам анча қисқаради. Бу эса ҳаёт сифатини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Тимур Машанпин ҳамда Марказ директори ўринбосари Нозим Бердиев бошчилигида “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими орқали тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.
Маълумки, 2025 йил 18 февралдан бошлаб мувофиқлик сертификатларига ариза юбориш, синов баённомалари ва бошқа турдаги ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.
Йиғилишда ушбу тизимдаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилиб, “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими бўйича масъуллар томонидан тегишли тушунтиришлар берилди ҳамда тизимни такомиллаштириш, фойдаланувчилар учун қулайликларни ошириш, техник кўмакни кучайтириш каби масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашди. Учрашув видеоконференц алоқа воситаси орқали ташкил этилиб, унда дастлаб дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар, доривор ўсимликлар ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари билан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги режалар тўғрисида маълумот берилди ва ўзаро фикр алмашилди. Бу йил Европа ва Хитойда бўлиб ўтиши кутилаётган кўргазмалар тўғрисида маълумотлар берилди.
Учрашувнинг асосий қисмида ҳозирги кунда корхоналардаги инвестиция, ишлаб чиқариш ва экспорт масалалари ўрганилди ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда биргаликда ишлашга келишиб олинди.
Импорти юқори бўлган 200 турдаги дори воситаларни маҳаллийлаштириш бўйича тадбиркорларга қўшимча таклифлар берилиб, корхоналарга бу борада агентлик томонидан керакли ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Янги Ўзбекистон университети ректори Бахтиёр Юлдашев билан учрашди ва “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг Фармацевтика техник университети ва Янги Ўзбекистон университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим ва илмий-тадқиқот йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қўшма лойиҳалар ташкил этиш, замонавий инновацион ёндашувларни жорий қилиш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида мустаҳкам ҳамкорликни назарда тутади. Мазкур келишув икки олийгоҳнинг ҳам илмий салоҳиятини ошириш, сифатли таълим тизимини ривожлантириш ва келажак учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Халқаро Қизил Ярим Ой жамияти ҳуқуқий маслаҳатчиси жаноб Фахад Аҳмедни қабул қилди. Учрашув чоғида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, гуманитар ёрдам кўрсатиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тиббий кўмакни кенгайтириш ва фавқулодда вазиятларда болаларга тезкор ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА