
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва “The United Laboratories” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициялар, шунингдек, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳаси доирасида тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда асосий эътибор ривожланаётган фармацевтика соҳасига қизиқиш билдирган инвесторлар учун яратилган имкониятларга қаратилди. Компания вакиллари лойиҳада иштирок этишга қизиқиш билдириб, инвестиция киритиш учун таклиф этилаётган шартлар, жумладан, имтиёзлар, ижара бўйича преференциялар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида қўллаб-қувватлаш билан батафсил танишди.
Муҳокама давомида инвесторлар учун ҳуқуқий ва маъмурий кафолатлар, шунингдек, инновацион технологиялар соҳасида фаолият юритувчи илмий муассасалар ва бошқа компаниялар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Учрашув конструктив ва ишчан руҳда ўтди, томонлар келгусида ҳамкорлик қилиш ва шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.
***
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида давлатимиз раҳбари раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қўмита раиси Б.Юсупалиев Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар долзарб эканини таъкидлаб, соҳада учраётган камчиликлар, бартараф этишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.
***
Японияда бўлиб ўтаётган Халқаро тиббий буюмларни тартибга солувчи органлар форуми 27-сессиясида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази“ ДМ IMDRFга расман аъзоликка қабул қилинди.
***
Миллий тиббиёт марказининг малакали ортопед-жарроҳлари томонидан бахтсиз ҳодиса натижасида қўллари жароҳатланган ва тери дефектлари юзага келган беморда муваффақиятли операция амалга оширилди. Жарроҳлик амалиёти давомида беморнинг сонидан тери кўчириб ўтказилди.
Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли бўлиб, тери озиқланишни бошлади. Шифокорлар трансплантация қилинган терининг яхши мослашаётганини қайд этиб, беморнинг тикланиш жараёни ижобий кечаётганини таъкидлади.
Таъкидлаш лозимки, ушбу операция орқали беморнинг қўл функцияларини сақлаб қолиш ва тери регенерациясини таъминлашга эришилди.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА