Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори А.Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Москва шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон семиришга қарши кураш кунига бағишланган V Халқаро конгрессда иштирок этди.
Бу семириш, диабет олди ҳолатлар ҳамда касаллик профилактикаси ва даволашнинг замонавий усулларини муҳокама қилиш учун энг катта платформадир. Тадбирда семизлик жиддий глобал муаммо экани, унга қарши самарали курашиш халқаро ҳамкорликни талаб этиши таъкидланди.
Конгресснинг асосий воқеаларидан бири Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Россия узлуксиз касбий таълим тиббиёт академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланиши бўлди.
Ушбу ҳужжат тажриба алмашиш, илғор даволаш усулларини тадқиқ қилиш ва амалиётга жорий этиш учун янги имкониятлар беради.
***
Миллий тиббиёт марказида профессор Азам Бобожонов бошчилигидаги тажрибали трансплантологлар гуруҳи яна бир жигар трансплантацияси амалиётини муваффақиятли якунлади.
Ушбу жарроҳлик амалиёти жигар етишмовчилиги билан оғриган беморлар учун янги ҳаёт эшикларини очди. Мураккаб операция юқори малакали мутахассислар ва замонавий тиббий ускуналар ёрдамида амалга оширилган бўлиб, беморнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Жигар трансплантацияси – Ўзбекистонда ривожланиб бораётган юқори технологик тиббий хизматлардан бири бўлиб, ҳар йили кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
***
Республикамиз ҳудудида фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ахборот алмашишни йўлга қўйиш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “CRPT TURON” МЧЖ ва “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви бўйича меморандум имзоланди.
Жамият директори Анатолий Бачикалов ва Марказ директори Алишер Темиров томонидан имзоланган мазкур ҳужжат томонлар ўртасида ўзаро манфаатли масалалар бўйича маслаҳатлашувлар, соҳада тезкор ахборот алмашиш ҳамда қўшма тадбирларни режалаштириш бўйича кенг имконият яратади.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Словенияга хизмат сафари давомида “KRKA” ҳамда “Slovenia Biotech Hills Institute” ва “Labena d.o.o.“ компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
“KRKA” компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашув давомида Ўзбекистоннинг йирик фармацевтика корхоналари билан шартнома асосида ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди. Компания маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича якуний қарор маҳаллий бозор ва ҳудудлар тўлиқ ўрганилгандан сўнг стратегик ҳамкорлик сифатида қабул қилинадиган бўлди.
KRKA – Словениянинг энг йирик фармацевтика компанияси бўлиб, жаҳон бўйлаб 12700 нафардан ортиқ ходимга эга, 2024 йилда савдо айланмаси 1,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
“Slovenia Biotech Hills Institute” ва “Labena d.o.o.“ билан ўтказилган учрашувда эса мамлакатимиз илмий тадқиқот институтлари билан илмий ва клиник тадқиқотлар бўйича интеграция ўрнатиш ҳамда акселератор дастурларида ўзбекистонлик стартап компаниялар имкониятлари муҳокама қилинди.
“Sloveniya Biotech Hills” – институти Европада биотехнология соҳасидаги тадқиқотлар, ишланмалар, ишлаб чиқариш ва инвестициялар учун Словениянинг етакчи марказига айлантириш мақсадида ташкил этилган ташкилот.
“Labena d.o.o.“ – лаборатория таҳлили шунингдек, фармацевтика моддаларини тадқиқ этиш ҳамда синовдан ўтказиш соҳаларида ихтисослашган Словения компанияси бўлиб, илмий-тадқиқот ва ишланмалар йўналишида ҳам фаолият юритади.
***
Давлат раҳбарининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида доимий равишда маҳаллий фармацевтика корхоналари вакиллари иштирокида онлайн учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Навбатдаги учрашувда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Зарур амалиётлар маркази ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази масъул ходимлари иштирок этди.
Учрашувда “REKA-MED FARM” томонидан 24 номдаги дори воситалари, “WELL MED PHARM” томонидан 13 номдаги дори воситалари ва “Soft Inter Medical” томонидан 1 номдаги дори воситаси бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаларини бериш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, дори воситаларига тегишли ҳужжатларни экспертизадан ўтказишда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази таркибидаги қўмита ва лабораториялар фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳамда дори воситаларига референт нарх шакллантириш бўйича тадбиркорларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА