Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика техник университети, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида “International Conference on Pharmaceutics and Life Sciences: Frontiers of Research and Education (ICPL-2024)” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда фармацевтика ва ҳаёт фанлари соҳасидаги замонавий илмий-тадқиқотлар ва таълим йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
Конференцияда турли давлатлардан жумладан, Ҳиндистон, АҚШ, Жанубий Корея ва Венгриядан келган олимлар ўз илмий ишларини тақдим этмоқда. Икки кун давомида конференцияда 65 га яқин олимлар ўз маърузалари билан қатнашади.
Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у маҳаллий ва халқаро экспертлар ўртасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда илмий тадқиқотларни ривожлантириш учун майдон бўлиб хизмат қилади. Иштирокчилар конференция давомида етакчи мутахассислардан маслаҳат ва билим олиш имконига эга бўлади.
***
Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан "Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи"да Тошкент тиббиёт академияси томонидан тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ректори в.в.б Шуҳрат Боймуродов тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади.
Таъкидланганидек, Тошкент тиббиёт академияси нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиётига олий маълумотли етук мутахассислар тайёрлайдиган юртимиздаги таянч тиббий олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўқув юрти чин маънода рақамли (смарт) олий таълим муассасаси бўлиб, 7 та факультетда 14 та бакалавриат таълим йўналиши, 44 та магистратура мутахассислиги, 32 та ординатура, 35 та докторантура ихтисослиги, 7 та интернатура мутахассислиги бўйича 14 минг нафардан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда. Эътиборлиси, уларнинг қарийб 2000 нафари хорижлик талабалардир.
Жорий йил академия Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил халқаро аккредитация ва рейтинг агентлиги томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Натижада ушбу ўқув муассасаси Европа ва жаҳон таълим маконида тан олинган мақомга эга бўлди.
***
Хабар берганимиздек, Миллий тиббиёт маркази яқинда халқаро сифат сертификатига эга бўлган эди.
Германиялик Профессор Улрич Боcкман ҳамда биология фанлари доктори Донс Курсчлид уч ҳафта давомида ушбу марказда бўлиб, халқаро сифат сертификатига ега бўлиши учун етарлича кўмаклашди. Ходимларга маҳорат дарсларини ўтди, марказ фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, профессор Улрич Боcкман ташрифи давомида йигирмага яқин мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажарди. Хизмат сафари якунига етган хорижлик мутахассисни кузатиш маросими ташкил қилиниб, унга миннатдорлик билдирилди. Меҳмонларга Миллий тиббиёт марказининг логотипи туширилган эсдалик совғалари топширилди.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Россиянинг «Қўлларда қуёш» (Солнце в ладошках) фонди директори Елена Алексеевна бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида, оғир дардга чалинган бемор болаларга беғараз ёрдам кўрсатишда яқиндан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, ўзаро ҳамкорлик натижасида ўнлаб болажонлар соғлом ҳаётга қайтиш бахтига мушарраф бўлган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА