Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Япония давлатида бир қатор учрашувлар ўтказди. Жумладан, Япониянинг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири “Daiichi Sankyo“ вакилларига Ўзбекистонда соҳасида яратилган имкониятлар, амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
“Daiichi Sankyo” компаниясида 18700 нафардан ортиқ ходим фаолият юритади ва 2022 йилда корхонанинг даромади 9,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Шунингдек, “Japan Cosmetic Industry Association“ Япония косметика саноати уюшмаси ижрочи директори билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизда сифатли косметик воситаларга бўлган талаб ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга яратилган имкониятлар тўғрисида маълумот берилди. Суҳбат якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва япон компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олди.
“Japan Cosmetic Industry Association“ уюшмаси косметика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компанияларни қўллаб-қувватлаш, сертификатлаштириш, сифат стандартларини ривожлантириш билан шуғулланади. Ташкилотнинг аъзолари орасида 1400 та япон ишлаб чиқарувчилари мавжуд.
***
Сурхондарё вилоятида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази“ ДМ Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги қарори мазмун-моҳиятига бағишлаб семинар ташкил қилинди.
Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, хусусий клиника масъуллари ҳамда дорихона мудирлари ва бошқа мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда мутахассислар юқоридаги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни тиббиёт амалиётида қўллаш, сақлаш, уларнинг ноқонуний муомаласини чеклаш, жисмоний шахслар томонидан улардан фойдаланиш ҳамда уларни йўқ қилиш тартиблари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Шунингдек, ташриф доирасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган йиллик эҳтиёжлари, уларнинг миқдорий ҳисобини олиб бориш ҳамда ушбу моддаларнинг сақлаш шароитларини назорат қилиш бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилди. Текширув давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
***
Аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олишда профилактик учрашувларнинг аҳамияти катта ҳисобланади. Шу боис, Халқаро саломатлик жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда онкологик ва юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида Андижон вилоятининг Асака ҳамда Марҳамат туманларида аҳоли ҳамда тиббиёт ходимлари ўртасида семинар ўтказилди.
Унда вакцинация юқумли касалликларнинг олдини олишда асосий профилактик восита ҳисобланиши, фақат профилактик эмлаш туфайли бир қатор юқумли касаллик билан касалланиш ҳамда ушбу касалликларнинг асоратларидан сақланиш мумкинлиги тўғрисида иштирокчиларга кенг тушунчалар берилди.
Шунингдек, иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволлар юзасидан мутахассислардан атрофлича маълумот олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА