Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Жорий йилнинг 4-10 ноябрь кунлари 92 та давлат регулятор органлари билан бир қаторда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳам "MedSafetyWeek-2024" ҳафталигида иштирок этади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Уппсала Мониторинг маркази томонидан ҳар йили ўтказиладиган ушбу глобал тадбир – дунёда дори воситаларининг хавфсизлигига алоҳида эътибор бериш ва уларнинг ножўя таьсирларини кузатиш ҳамда хабар қилишнинг аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази юртимиздаги соғлиқни сақлаш мутахассислари, фармацевтлар, дорихона ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини ушбу ҳафталикда фаол иштирок этишга чорламоқда.
***
Тошкентда орфан касалликларини ташхислаш ва даволаш бўйича халқаро форум ўз ишини бошлади. Мазкур Форумда 15 мамлакат иштирокчилари кам учрайдиган касалликларни даволашни молиялаштириш, шунингдек, геном технологиялардан фойдаланишнинг ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатларига эътибор қаратмоқда.
Мазкур “Чегара билмас ҳамдўстлик” халқаро форуми 7500 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари, Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон, Грузия, Озарбайжон каби давлатларнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари, профессионал тиббиёт ҳамжамиятлари вакилларини бирлаштириши билан аҳамиятлидир.
***
Япониянинг “TOWA Pharmaceutical” компанияси Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида учрашув ўтказди. Учрашув давомида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги фармацевтика соҳасида инвестиция ва технология алмашинуви имкониятлари муҳокама қилинди.
Агентлик раҳбарияти мамлакатимиз фармацевтика соҳасида яратилган шароитлар ҳамда инвесторлар учун мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик истиқболларини чуқур ўрганиш ва Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарни кўздан кечиришга келишиб олди.
Маълумот учун: “TOWA Pharmaceutical” – Японияда женерик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи рақамли компания ҳисобланади ҳамда Япония ва Испания давлатларида ишлаб чиқариш қувватларига эга.
***
Фармацевтика соҳаси жадал ривожланиб бораётган бир даврда, мазкур соҳадаги ходимларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш жуда муҳим аҳамиятга эга. Инновациялар ва технологик ютуқлар соҳани ўзгартириб, замонавий даволаш усулларини киритмоқда. Шунинг учун фармацевтлар ва бошқа соҳа вакиллари янги билим ва кўникмаларни эгаллаб, ўз малакаларини мунтазам равишда янгилаб боришлари талаб этилади.
Жанубий Кореянинг GTH-B (Global Training Hub for Biomanufacturing) марказида ўтказилаётган ўқув дастури ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Унда 44 мамлакатдан саралаб танланган 140 иштирокчи малака оширмоқда. Улар орасида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази“ ДМнинг мутахассислари ҳам бор.
ЖССТ ҳамкорлигида ҳар йили ташкил этиладиган мазкур ўқув курси – вакциналар, биотиббиёт маҳсулотларининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича энг замонавий технологиялар, амалиётлар ва илмий тажрибаларни ўрганишга йўналтирилган. Курс давомида иштирокчилар халқаро стандартлар асосида вакциналарни ишлаб чиқариш, сифат назорати ва лаборатория жараёнларини такомиллаштириш бўйича назарий ва амалий машғулотларда иштирок этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА