Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ўртасида спорт турларини кенг оммалаштириш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида “Соғлиқни сақлаш вазири кубоги-2024” спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Бугун пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида беллашувларнинг финал босқичига старт берилди.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги тегишли фармони ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари республика кенгашининг қўшма қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур спартакиадада қатнашчилар спортнинг мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ўзаро баҳс олиб бормоқда.
***
Қандли диабетнинг қатор хавфли асоратлари бор. Хусусан, унинг 2-туридан азият чекувчи беморларда диабетик ретинопатия, яъни кўриш қобилияти йўқолишига олиб келувчи патологиялар юзага келиши мумкин.
Буни эрта босқичда, тезкор ва самарали аниқлаш учун замонавий тиббиётда илғор ташхислаш технологияси – Фундус камариларидан фойдаланилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Қандли диабетга қарши кураш жамғармаси томонидан Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига жами бешта, хусусан, 4 дона кўчма ва 1 дона стационар шундай ускуналар беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.
Ушбу илғор технологиялар Гулистон шаҳри ҳамда Боёвут, Оқолтин ва Сардоба туманларида беморларда диабетик ретинопатияни скринингдан ўтказишда қўлланилди.
***
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтган ҳафтада пойтахтимиз ҳамда Тошкент ва Наманган, Андижон, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда олинган фармацевтика маҳсулотлари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораторияларида ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилди.
Таҳлил натижаларига кўра, 288 номдаги 4510 ўрам жумладан, 113 номдаги 1850 ўрам давлат рўйхатидан ўтган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган, 150 номдаги 2040 ўрам давлат рўйхатидан ўтмаган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган, 23 номдаги 480 ўрам яроқлилик муддати тугаган, сифатсиз, 2 номдаги 140 ўрам (Неуфол-С 100 мг/5 мл ампула, Зардекс 300 мг капсула) қалбакилаштирилган фармацевтика маҳсулотларини тиббиёт амалиётида қўллаш мумкинмаслиги бўйича хулоса берилди.
Бу билан сифати кафолатланмаган мазкур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази Нейрохирургия бўлими мутахассислари яна бир ноёб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказди. Фарғоналик 3 ёшли қизалоқда “Бош мия қон томир каверномаси“ ташхиси қўйилиб, 3 босқичли жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.
Aмалиёт давомида каверноманинг мияда жойлашган чуқур қисмига зарарсиз етиб бориш, қон томирлар тармоғини жароҳатларсиз олиб ташлаш жуда мураккаб вазифа бўлиб, бу жараёнда жаҳон стандартларига мос замонавий технологиялар ва юқори аниқликдаги асбоб-ускуналар қўлланилди.
Бу жарроҳлик амалиёти нафақат шифокорларимизнинг машаққатли меҳнати ва фидойилиги маҳсули, балки мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилган юксак еътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА