Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Россиянинг «СмолМедПрепараты» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Музокаралар чоғида компания вакиллари Ўзбекистонда туберкулёз ва онкологияга қарши дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича қатор таклифлар билдирди.
Агентлик директори мамлакатимиз фармацевтика соҳасида яратилган шароитлар ҳамда инвесторлар учун мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик истиқболларини чуқур ўрганиш ва Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарни кўздан кечиришга келишиб олди.
Маълумот учун, «СмолМедПрепараты» Россиянинг юқори сифатли ва барча талабларга жавоб берувчи дори воситаларини ишлаб чиқарувчи фармацевтика компаниясидир.
***
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Ижро этувчи аппарати ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Наманган вилояти Норин туман тиббиёт бирлашмасида ССВ буйруқларининг ижроси ва давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга тайёргарлик ишлари бўйича мониторинг ўтказилди.
Унда электрон поликлиника, тиббий бригадалар, шифокор олди кўрув хоналарининг фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
***
Ҳар қандай жойдан маҳсулотни сотиб олишда аввало, унинг истеъмол талабларига жавоб беришига аҳамият қаратиш муҳим ҳисобланади. У хоҳ бозорлар бўлсин, хоҳ савдо дўконлари. Кўча-кўйларда сотилаётган маҳсулотларни харид қилмаслик энг тўғри йўлдир.
Шу боис Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Миробод туман бўлими ходимлари томонидан «Биродарлик» ва «Наврўз» маҳалласи бўйлаб жойлашган озиқ-овқат дўконларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Сифати кафолатланмаган маҳсулотлар савдодан олдирилди. Шунингдек, 3 кг. уй шароитида тайёрланган сузма, 6 литр қатиқ маҳсулотлари, органолептик хусусиятини йўқотган 4 кг. нок, 5 кг. шафтоли, 5 кг. олма маҳсулотларини ўрнатилган тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилди. Сотувчиларга тегишли нормативларга мувофиқ фаолият олиб бориш юзасидан огоҳлантириш чоралари қўлланилди.
***
2024 йилнинг 29-30 октябрь кунлари Тошкентда «Фарма Ўзбекистон ва Марказий Осиё: фармацевтика заводларини қуриш ва модернизация қилиш» III-халқаро конгресс ва кўргазмаси бўлиб ўтади.
Тадбир Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги кўмагида ташкил этилмоқда.
Унда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг 350 дан ортиқ етакчи фармацевтика компаниялари раҳбарлари, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари, ускуна ва технологияларни ҳамда фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи компаниялар, халқаро инвесторлар иштирок этиши кутилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА