Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш вазирлигида «Тиббиёт тизимини молиялаштириш ва стратегик харидлар назарияси асослари» мавзуида семинар ташкил этилди.
ЖССТ, «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси ҳамда Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳамкорлигидаги икки кунлик семинарда соҳани молиялаштириш ҳамда тиббий кафолатлар дастури, стратегик харидлар тизими, стационар ёрдамни молиялаштиришдаги ёндашув, соҳада ахборот тизимларининг ўрни каби мавзулар қамраб олинди.
***
My.gov.uz порталида тиббий диспансерларга оид маълумотномаларни юклаб олиш имкони яратилди. Ягона порталда эндиликда энг талабгир бўлган "Руҳий касалликлар" ёки "Наркология" диспансерларидан маълумотномаларни ҳеч қандай ариза тўлдирмасдан олиш мумкин.
Бунинг учун My.gov.uz орқали керакли хизмат танланиб, тўлов амалга оширилади. Автоматик равишда ариза тўлдирилади ва барча керакли текширувлар амалга оширилади.
***
Болалар миллий тиббиёт марказига Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва фаровонлик қўмитаси раиси ташриф буюрди.
Ўзбекистон ва Корея ўртасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар эътироф этилди. Учрашув давомида ҳамкорликда соҳада амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
***
Ҳар йили апрель ойининг охирги ҳафтасида ЖССТ томонидан «Иммунизация ҳафталиги» бўлиб ўтади.
Аҳоли орасида юқумли касалликларнинг олдини олишда эмлаш тадбирларининг аҳамияти тўғрисида тарғибот ишлари олиб борилиб, болаларни эмлаш тадбирлари амалга оширилади.
Республикамизда ҳам даволаш-профилактика муассасаларида «Иммунизация ҳафталиги» ташкил этилди.
Бу йилги Европада иммунизация ҳафталиги – Кенгайтирилган иммунизация дастури ташкилотига 50 йил тўлиши муносабати билан ва ҳафталик дастурида охирги эллик йилликда аҳоли орасида иммунизация, вакциналар билан эмлаш туфайли минглаб аҳоли, болаларнинг ҳаёти сақлаб қолингани, аҳолининг ҳаёти, умри узайгани тўғрисида маълумотлар берилди.
«Иммунизация ҳафталиги» доирасида олиб борилган эмлаш тадбирлари келгусида юқумли касалликлар билан касалланишнинг олдини олишга, болаларнинг соғлом вояга етишига хизмат қилади.
***
Шу йилнинг 30-31 май кунлари «Ўзбекистон учинчи халқаро фармацевтика форуми» бўлиб ўтади. Форум хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари Ассоциацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилади.
"Third International Pharmaceutical Forum of Uzbekistan" фармацевтика тармоғи лидерлари учун йирик ишлаб чиқарувчилар, дистрибюторлар, давлат идоралари, регулятор-назорат органлари, ишлаб чиқариш технологиялари лицензиарлари, шунингдек, мазкур соҳада ишловчи ҳуқуқшунослар ва консалтинг мутахассислари иштирокидаги тенги йўқ халқаро майдондир.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА