Тиббиёт масканлари фаолиятида нима гап?
Аввал хабар берилганидек, айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўрганишлар олиб бориб, халқ билан мулоқот қилмоқда. “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳудудлардаги фаолияти давомида тиббиёт муассасаларида бўлиб, мавжуд шароитларни яқиндан ўрганмоқда.
Хусусан, депутат Ойдин Абдуллаева ва “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов Яккасарой туманидаги ўрганишлари давомида Марказий кўп тармоқли поликлиника фаолияти билан танишди. Мазкур тиббиёт муассасасининг биноси 1936 йилда қурилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. Муассаса мутасаддилари ўтказилган суҳбат чоғида соҳадаги масалаларни ўртага ташлаб, таклифларини билдирди.

Муассасада лаборатория фаолияти, аҳоли учун дори-дармонларнинг бепул етказиб берилиши, моддий-техника базасида етишмаган анжомлар ташаббусли бюджет орқали харид қилингани билан боғлиқ масалалар ўрганилди.
Поликлиника биноси таъмирга муҳтож. Аммо таъмирлаш ишлари фақатгина Маданий мерос агентлигининг хулосаси ва рухсати билан амалга оширилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳри Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича имзоланган 99-сон қарорида ушбу муассасанинг реконструкция ва таъмирлаш ишлари 2025-2026 йилларда олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу вазифа бажарилишидан ҳамон дарак йўқлиги аниқланди. Ушбу масала депутат ва масъуллар томонидан назоратга олинди.
***
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зиёдбек Юнусов бошчилигидаги ишчи гуруҳ эса Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиалида бўлиб, назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширди.

Марказда беморлар учун барча шароитлар яратилган. Касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш учун энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Марказ шифокорлари ва ҳамшираларининг малакаси тизимли равишда ошириб келинмоқда. Бироқ аҳоли орасида онкологик касалликлар сони ортгани боис аниқланган беморларни ўз вақтида даволаш учун зарур койкалар етишмайди.

Жарроҳлик амалиётидан чиққан беморларни даволашга мўлжалланган реанимацион бўлим бинонинг 4-қаватида жойлашгани боис тиббиёт ходимларига қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Ходимлар ишини енгиллаштириш учун лифт ўрнатиш лозим.
Назорат таҳлил тадбирлари давомида беморлар ва уларнинг яқинлари билан ҳам суҳбатлашилди. Уларнинг таклиф ва истаклари ўрганилди.
Шифохона ички имкониятлари доирасида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА