Тиббиёт марказида янги даволаш биноси очилди
Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида онкогематология, кардиохирургия, нейрохирургия ва чақалоқлар хирургияси бўлимлари учун барпо этилган янги даволаш биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тиббиёт маркази жамоасини кириб келаётган янги йил билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилишга бўлган алоҳида эътиборлари натижасида ва қарорлари ижроси доирасида қад ростлаган 3 қаватли янги даволаш биноси вилоят аҳолиси учун беқиёс туҳфа бўлганини таъкидлади. Авваллари республикамизда бу турдаги касалликлардан азият чеккан беморлар учун дори таъминоти етарли бўлмагани, химия терапия усуллари йўлга қўйилмагани сабабли даволаниш самарадорлиги жуда паст бўлганига эътибор қаратган вилоят ҳокими Президентимизнинг Республика гематология марказига илк ташрифлари чоғидаёқ бу соҳани тубдан ислоҳ этиш бўйича қатъий топшириқлар берилганини ва қисқа муддатда улкан ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этди.
[gallery-10101]
Қурилиш ишлари учун 16,5 миллиард сўм маблағ сарфланган 90 ўринли янги бинода 30 ўринли онкогематология, 30 ўринли кардиохирургия, 15 ўринли нейрохирургия, 15 ўринли чақалоқлар хирургияси бўлимлари, реанимация бўлими ва операцион блок фаолият кўрсатади. Бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида қурилган даволаш корпусида барча қулай шароитлар яратилган бўлиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Вилоят ҳокими бўлимларни энг илғор хорижий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари келгуси йилда ҳам давом эттирилишини маълум қилиб, вилоят соғлиқни сақлаш тизими раҳбариятига тиббиёт маркази шифокорларининг доимий малака оширишларини, билим ва кўникмаларини юксалтириб боришларини таъминлаш бўйича вазифалар юклади.
30 ўринли онкогематология бўлимининг моддий-техника базасини ривожлантириш учун вилоят ҳокимлиги томонидан 110 миллион сўмлик қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар, лаборатор диагностикасини яхшилаш мақсадида 94 миллион сўмлик уч камерали ва 1 та бинокуляр микроскоп олиб берилди. Онкогематология бўлимида даволанган 596 нафар болага бюджет маблағлари ҳисобидан жами 5,3 миллиард сўмлик дори-дармон ва тиббий буюмлар харид қилинди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган сурат