Тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошади
Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳузуридаги инновацион университет клиникасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан амалга оширилган лойиҳа доирасида замонавий тиббий асбоб-ускуналар топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган эзгу ишларга алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, бу борада тиббиёт соҳасини ривожлантириш орқали аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, мазкур ишларни жадаллаштиришда халқаро ҳамкор ташкилотлар билан шериклик асосида лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тантанали тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Такаши Хатори, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги раҳбари Бито Ёшибуми, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари вакиллари иштирок этиб, янгидан олиб келинган замонавий тиббий асбоб-ускуналар кўздан кечирилди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил қорақалпоғистонлик сайловчилар билан бўлган учрашувида “Тошкентда мавжуд барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилади” деб таъкидлаб ўтган эди. Бу мана шу топшириқнинг амалда бажарилиши, – деди Жўқорғи Кенгес Раиси клиникада яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиш вақтида.
[gallery-18108]
Қайд этиш жоизки, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳузурида Президентимизнинг ташаббуси билан янги инновацион университет клиникаси ташкил этилган эди. Шу асосда республикада тиббиёт соҳасида мутахассисларни тайёрлашда клиника асосий таълим базаси бўлиб келмоқда. Сўнгги 5 йилнинг ўзида институтга 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция маблағи жалб қилинди. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан амалга оширилган 7,3 миллион АҚШ долларлик лойиҳа доирасида университет клиникасига замонавий тиббий асбоб-ускуналар топширилмоқда. Етказиб берилган 31 турдаги тиббий асбоб-ускуна соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва тажрибасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, кадрлар салоҳиятини орттириш, клиникада илғор тиббий методларни жорий қилиш каби эзгу ишларни амалга оширишда мустаҳкам асос яратади.
Жорий йил бошидан буён республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали, Нукус шаҳридаги 8-сон оилавий поликлиника, Беруний туманлараро Перинатал маркази бинолари фойдаланишга топширилди.
Жумладан, жорий йилги инвестиция дастури доирасида 6 та соғлиқни сақлаш объектида 46,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шуманай туманида кўп тармоқли поликлиника, Элликқалъада 90 ўринлик, Тўрткўлда 70 ўринлик туғруқ бўлимлари, шунингдек, Амударё, Беруний туманлари ва Нукус шаҳридаги оилавий поликлиникаларда қурилиш-реконструкция ишлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари