Коррупция ривожланишга тўсиқ бўладиган омиллардан биридир. Шу йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида соҳадаги ишлар сарҳисоб қилиниб, коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилиши таъкидланган эди.
Шундан келиб чиқиб, апрель ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Ўрганиш якунлари бўйича қўмита томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт соҳасида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Эшитувда тизимда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар билан бирга айрим масалалар борлиги айтилди. Хусусан, вазирлик тизимида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси фаолияти етарли даражада йўлга қўйилмаган. “Сирли мижоз”, “рейд” каби тадбирларнинг амалга оширилмагани натижасида коррупциявий жиноятлар содир этилиши қуйи тизимда маиший коррупциянинг авж олишига сабаб бўлмоқда. 2024 йил давомида вазирлик ва унинг қуйи тизимларида 514 та коррупцияга оид жиноятлар рўйхатга олинган.

Шунингдек, рақамлаштириш орқали коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштиришга етарлича эътибор қаратилмаган. Вазирлик тизимидаги ўзаро интеграция қилиниши лозим бўлган 53 та ахборот тизимидан аксарияти қилинмаган, ишга қабул қилиш шаффоф эмас.
Депутатлар томонидан Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Жиззах, Наманган, Сирдарё вилоятларида соғлиқни сақлаш соҳасида ишга қабул қилиш жараёни ўрганилганда, танлов босқичлари, жараён аниқ регламентлаштириб берилмаганлиги натижасида ишга қабул қилишда кўплаб қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланган.

Косонсой, Пискент, Боғдод, Китоб туманлари, Чирчиқ, Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари тиббиёт бирлашмаларида ишга қабул қилиш жараёни ўрганилганда ўрта тиббиёт ходимларини фақатгина танлов асосида ишга олиш белгиланган бўлса-да, амалда айрим ҳолатларда ходимлар ишга ҳатто, танловсиз олинаётгани аниқланди.
Эшитувда айрим тиббиёт муассасалари томонидан ордер беришда навбатга риоя қилмаслик, аҳолига бепул дори воситаларини етказиб беришдаги суиистеъмолчиликлар, жарроҳлик амалиётини ўтказишда фуқаролардан маблағ сўраш ҳолатлари кўпайиб бораётгани қайд этилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигига коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли чораларни йўлга қўйиш, “комплаенс назорат” бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш бўйича таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА