Тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 14 тага кўпайди
2020 йилгача Ўзбекистонда тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи 20 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 34 тага етди.
Уларда 100 турдаги тиббий асбоб-ускуна, 299 номдаги тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда.
Улардан 2020 йилда 19 турдаги, 2021 йилда 12 турдаги тиббий асбоб-ускуналар рўйхатга олинган.
Бу ҳақда Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Йиғилишда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков халқимизнинг замонавий тиббий хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш, тиббиёт ютуқларидан инсон саломатлиги йўлида оқилона фойдаланиш, тиббиёт тармоғидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси Отабек Жиянбоев уюшма фаолияти ва амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда 2 минг 164 та тиббий асбоб-ускуналар ва 1 минг 507 та тиббиёт буюмлари рўйхатга олинган. Шунингдек, хорижий компанияларнинг 224 та тиббий асбоб-ускуналари рўйхатга олинган. Бу хорижий давлатларнинг давлатимизга бўлган қизиқишидан далолат.

Юртимизда тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар катта қизиқиш билдирмоқда. Пандемия даврида давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор имтиёзлар берилди. Бевосита бу ишларнинг давоми сифатида “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиб, тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ва улгуржи сотиш учун лицензия олиш бекор қилинди. Буларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, юртимизда тиббий асбоб-ускуналар ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш рағбатлантирилаётганидан далолатдир.
Шунингдек, йиғилишда иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев ўзаро ҳамкорликдаги вазифалар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди. Ҳамкорликдаги ишлар аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш сўнггида Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлинмаси, Самарқанд давлат тиббиёт институти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА